Тижорат банкларидан бирининг Ромитан филиали собиқ раҳбари А.Ҳ., банк менежери Ф.С. ва тумандаги маҳаллалардан бирида собиқ ҳоким ёрдамчиси вазифасини вақтинча бажарувчи С.Х.лар ўзаро тил бириктириб, фуқаро номига кредит расмийлаштириб ўзлаштириб юборган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, улар фуқаро Ҳ.А.нинг хабардорлигисиз унинг номига 32,9 млн сўм кредит маблағи ажратиб, гўёки уч ғилдиракли мотоцикл хариди учун ЯТТ “С.Г.”нинг ҳисоб-рақамига пул кўчириб, нақдлаштириб олиш йўли билан ўзлаштирган.

Бундан ташқари, фуқаро Ҳ.А.дан 35,9 млн сўмлик кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги суд буйруғи асосида МИБ туман бўлими томонидан ижро иши қўзғатилганлигидан хабар топган А.Ҳ. ўзининг жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида тўланмаган кредит қарздорлик тўлиқ ундирилганлиги ҳақидаги сохта хатни МИБ туман бўлимига тақдим қилиб, ижро иши юритилиши тамомланишига эришган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.