Ўзбекистон | 18:16 / 15.10.2018
7309
2 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартрансхизмат»​ эски автобуслардан батамом воз кечиш​ ниятида эмас 

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

​«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти томонидан 2008-2009 йилларда ишлаб чиқарилган ва энг кўп масофа босиб ўтган автобусларни йўналишларга чиқармаслик ҳақида қабул қилинган қарор ОАВда эълон қилингач, турли муҳокамалар пайдо бўлди. Хусусан, хабарда таъкидланганидек, «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари Моҳир Валиев мазкур турдаги автобусда навбатдаги марта ёнғин келиб чиққани туфайли йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу қарорни қабул қилгани баён этилганди. Ижтимоий тармоқдаги айрим фойдаланувчилар шаҳар жамоат транспортининг ҳаракат пайтида тез-тез ёниб кетиши бундай қарор қабул қилинганига бевосита таъсир ўтказганига шубҳа қилмаганди.  

«Тошшаҳартрансхизмат» расмий вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур қарорда гап 2008-2009 йилларда ишлаб чиқарилган автобуслардан батамом воз кечиш ҳақида бораётгани йўқ. Аксинча, уларнинг ҳаракати вақтинча чекланиб, чуқурлаштирилган техник кўрикдан ўтказилади. 

«Тўғри, текширувлар давомида автобуслар орасида капитал таъмирга муҳтож транспортлар ҳам аниқланиши мумкин. Бу рақам албатта, саноқли бўлади. Бироқ, асосий автобуслар мутахассислар томонидан қисқа фурсатда чуқур техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларга барҳам берилиб яна улардан фойдаланиш давом эттирилади», дейди расмий вакил. 

Маълум қилинишича, 13-14 октябрь — шанба ва якшанба кунлари автосарой ва таъмирлаш корхоналарида ишлар уч сменада (кеча-кундуз) ташкил этилиб, эски автобусларнинг асосий қисми текширувдан ўтказилиб, аниқланган носозликлар бартараф этилди. Шу асосда ҳафтанинг бошидан имкон даражасида автобуслар жадвалида муаммолар бўлмаслиги учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун ҳаракатдаги автобусларнинг асосий қисми маънан эскирган, уларнинг ўртача ёши 9-10 йилни ташкил этаётгани сўнгги пайтларда учраб турган кўнгилсизликларга сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид