22—26 октябрь кунлари «Ўзэкспомарказ»да хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторларнинг фаол иштирокида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган «INNOWEEK» инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади.
Бугун, 22 октябрь куни ҳафталик юзасидан ташкилотчилар ва ОАВ вакиллари иштирокида Ёшлар пресс клубида пресс-брифинг ўтказилди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.
Шу куни журналистларга вазирлик томонидан Тошкент шаҳридаги инновацион инфратузилмалар бўйлаб (Геномика ва биоинформатика маркази, D.M.С. инновацион клиникаси, Илғор технологиялар маркази, «Автосаноат» инновацион маркази) экскурсия ташкил этилди.



Эртага, 23 октябрь куни Халқаро инновацион ярмарканинг очилиш маросими бўлиб ўтиши кутилмоқда. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Бош вазир ўринбосари Сухроб Холмурадов, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, чет эл давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналарининг вакиллари, ишбилармонлар ва инвесторлар иштирок этиши режалаштирилган.
"Иштирокчилар Халқаро инновацион ярмарка экспонатлари билан яқиндан танишиб олганларидан сўнг Халқаро инновацион-инвестицион форумнинг очилиш маросимини бошлаб беришади. Мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари С. Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, БМТ нинг доимий координатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Хелена Фрейзер, Turboden S.p.A. (Италия) компания директори Марко Барези, Ўзбекистондаги халқаро ҳамкорлик агентлиги бошлиғи ўринбосари Мунэо Такасака, «Systematic inventive thinking» компаниясининг устувор йўналишларни излаш ва инновациялар департаменти бошлиғи Мишель Асияг, Ўзбекистонда халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти ваколатхонасининг бошлиғи Йорг Пуделька ва бошқалар президиум иштирокчилари сифатида чиқиш қилади", дейди вазирлик расмий вакили.


















