Бугун, 2 ноябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, тадбирда шу йилнинг 7-8 ноябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтиши кутилаётган “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

Конференция мақсади
- Халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишлари билан таништириш;
- Халқаро тажрибани ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш;
- Узоқ ва қисқа муддатли халқаро лойиҳаларни йўлга қўйиш;
- Барча соҳа аёлларини таништириш ва бирлаштириш.
Кимлар иштирок этади?
Жаҳоннинг 30 га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол бўлган аёллар иштирок этади. Жумладан, БМТ махсус вакили, Ташкилотнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раисининг гендер масалалар бўйича махсус вакили Меланне Вервир, Италиянинг ЕХҲТдаги ваколатхонаси, маслаҳатчи Алессандра Скалиа, Афғонистоннинг аёллар масалалари бўйича вазири Дилбар Назарий, Озарбойжоннинг оила, аёллар ва болалар масалалари бўйича раиси ўринбосари Садагат Гахраманова, Бутунхитой Аёллар федерацияси раиси Чэнь Сяося ва бошқалар.
Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева Хотин-қизлар қўмитасининг бугунги фаолиятидаги асосий йўналиш ва вазифалар, қўмитанинг халқаро ҳамкорлари ҳамда фонд маблағларидан қандай мақсадларда фойдаланилаётганига доир маълумотлар билан бўлишди.

Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятидаги асосий йўналишлар
- Хотин-қизларнинг мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ислоҳотлардаги иштирокини кўп бараварга ошириш;
- Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизларга ёрдам бериш;
- Аёлларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;
















