Самарқанд шаҳрида Парламентлараро Иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси очилди.
«Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида» мавзусидаги халқаро анжуманда бутун дунё мамлакатларидан ёш парламент аъзолари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.

Конференция Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг парламент фаолиятидаги ролини кучайтириш ҳамда ёш парламент аъзолари ўртасида халқаро мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Тадбирнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Президент табригида ёшларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда салоҳиятини рўёбга чиқариш барқарор тараққиёт ва тинч келажакнинг муҳим омили экани таъкидланган. Шу мақсадда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва турли мамлакатларнинг илғор тажрибаларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилган.
Танзила Норбоева конференциядаги нутқида бугунги мураккаб геосиёсий шароитда парламент дипломатияси ва ўзаро мулоқотнинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлади.
«Ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш замонавий парламентларнинг устувор вазифаларидан бири бўлиши керак. Парламентлар ёшларни сиёсатнинг объекти сифатида эмас, балки қарорлар қабул қилиш жараёнининг тенг ҳуқуқли иштирокчиси ва ҳамкори сифатида кўриши зарур», — деди Сенат раиси.
Парламентлараро иттифоқ президенти Тулия Эксон бугунги кунда ёшларнинг овози халқаро миқёсда қарорлар қабул қилиш жараёнларида тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, турли мамлакатлардан келган ёш парламентарийларнинг ўзаро мулоқоти ва тажриба алмашинуви глобал муаммоларга янги ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Конференция доирасида инсон ҳуқуқлари, ёшларнинг сиёсий иштироки, ижтимоий адолат, рақамли хавфсизлик, таълим ва муносиб меҳнат, ёш аёлларнинг сиёсий фаоллиги ҳамда парламентларнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги роли муҳокама қилинади.
Тадбир давомида ёш парламент аъзолари замонавий дунёнинг долзарб муаммолари юзасидан ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суради, тинчлик ва адолатни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда барқарор тараққиётга эришиш масалалари бўйича тажриба алмашади.















