Ўзбекистон | 00:22 / 09.11.2018
10288
4 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ вакили: Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқларнинг нобуд бўлиш даражаси ҳали ҳам юқори

8 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ»да янги туғилган чақалоқларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлимини камайтириш ва уларни парвариш қилиш сифатини яхшилаш бўйича миллий консультация бўлиб ўтди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, давлат ва нодавлат ташкилотлари, халқаро экспертлар, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари иштирок этди.

БМТнинг болалар ўлими ҳақидаги глобал ҳисоботига кўра, дунё миқёсида болаларнинг тирик қолишида сезиларли муваффақиятга эришилган. Бироқ ҳисоботда айтилишича, сўнгги йиллардаги ютуқларга қарамай, фақатгина 2017 йилнинг ўзида 5,4 миллион нафар бола беш ёшга тўлмасдан нобуд бўлган. Улардан 2,5 миллион нафари бир йилдан ортиқ яшамаган. 

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, Ўзбекистонда 5 ёшга тўлмасдан вафот этган болалар ўлимининг 57 фоизини неонатал даврда (ҳаётининг дастлабки 28 куни ичида) содир бўлган. Янги туғилган чақалоқларнинг дастлабки 28 куни давомида нобуд бўлишининг асосий сабаблари - ҳар хил инфекцияларга чалиниши, туғилишидаги нуқсонлар ва иммунитет пастлиги деб топилган.

«Руҳият тушкунлиги танадаги модда алмашинувини издан чиқаради. Камқонлик, чарчоқ, иштаҳа йўқлиги, миядаги тушкун фикрлар уйқусизликка ҳам олиб келади. Қайноналар авлод давомчилари соғлом бўлишини таъминлаш учун келинини руҳан қўллаб-қувватлаши кераклигини тушуниб етиши керак. Шундай замон келиб бўлди. Соғ руҳият - соғлом бола, соғ мия эканлигини оила боши бўлган эр ҳам, қайнона ҳам, қайнсингил ҳам тушуниб етиши керак. Келин бу малика. Келинни авлод давомчисини туғиб бергани учун ҳам эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш кераклиги миллат маданиятидир», – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова.

Турли тадқиқотларнинг натижаларига кўра, оналар, янги туғилган чақалоқлар ва болалар ўлимининг олдини олишга сарфланган ҳар бир доллар, вақти келиб, сармояни кўпайтириб қайтарар экан. Болаларнинг саломатлигига сармоя қилиш камбағалликни камайтиради ҳамда иқтисодий самарадорлик ва ўсишни таъминлайди.

«Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ҳаётини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари мақтовга сазовор. Бироқ янги туғилган чақалоқларнинг нобуд бўлиш даражаси ҳали ҳам юқори. Бу номақбулдир, чунки янги туғилган чақалоқларнинг кўпчилигининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди», – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.

«Янги туғилган чақалоқлар ва оналар саломатлигини яхшилаш - мамлакатнинг умумий ривожланиши учун ҳам жуда муҳимдир», – дея қўшимча қилди у.

Тадбир иштирокчилари янги туғилган чақалоқлар саломатлиги ҳолати борасида Ўзбекистондаги вазиятни таҳлил қилишди. Улар неонатал парваришни яхшилаш йўлларини муҳокама қилишди ва янги туғилган чақалоқларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлимига чек қўйиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишди.

Таклиф қилинётган чоралар:
•  Туғруқ жараёнида оналар ҳамда ҳаётининг биринчи куни ва биринчи ҳафтасида янги туғилган чақалоқлар парваришини мустаҳкамлаш ва сармоя йўналтириш;
•  Оналар ва чақалоқларни парваришлаш сифатини яхшилаш;
•  Тенгсизликни қисқартириш мақсадида барча аёлларни ва чақалоқларни қамраб олишни таъминлаш;
•  Жамоани жалб қилиш, иштирок этишга асосланган ўқув машғулотлари орқали ота-оналар ва оила салоҳиятини мустаҳкамлаш;
•  Ҳар бир чақалоқ муҳим аҳамиятга эга – ҳисобга олиш, дастурий кузатув ва ҳисобот.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари ва бошқа мутахассислар янги туғилган чақалоқлар учун камсарф ва сифатли тиббиёт хизматларини таъминлайдиган, татбиқ этиш мумкин бўлган ечимларни топишга ва шу йўсинда Ўзбекистонда чақалоқлар ҳаётига ўзгартириш киритишга келишишди.

Мавзуга оид