Сибиха бу ҳақда 9 август куни X ижтимоий тармоғида ёзди. Гап ЮНИСЕФнинг 4 август куни эълон қилинган, “Россия Федерацияси ва Украинадаги ҳужумларда ҳалок бўлган ва жароҳатланган болалар” ҳақидаги баёноти устида бормоқда.
Украина расмийсининг фикрича, ЮНИСЕФ ўз баёнотида “тажовузкор ва жабрланувчи ўртасида сохта тенглик” яратган. Сибиха болаларнинг ҳалок бўлиши Россиянинг Украинага қарши уруши оқибати экани баёнотда кўрсатилмаганини танқид қилди.
Краснодар ўлкасидаги ҳодиса
ЮНИСЕФ ўз баёнотида Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Геленжик курорт шаҳри таркибига кирувчи Архипо-Осиповка қишлоғида пляжда уч нафар бола ҳалок бўлганини ҳам тилга олган.
Сибиха эса, мавжуд маълумотларга кўра, бу қурбонларга Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан дроннинг уриб туширилиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.
“Агентство. Новости” Telegram-канали икки нафар ҳарбий экспертга таяниб, учувчисиз қурилманинг ҳаракат траекторияси унинг пляжда дам олаётган одамлар устига Россия ҳаво мудофааси ҳаракатлари оқибатида тушган бўлиши мумкинлигини кўрсатишини ёзган.
OSINT-таҳлилчи Кирилл Михайловнинг тахминига кўра, ҳодиса мобил ўт очиш гуруҳи фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни пайтда ушбу версиялар мустақил равишда тасдиқлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.
Днипропетровск вилоятида болалар ҳалок бўлган
Сибиха ЮНИСЕФнинг Днипропетровск вилоятида бир оиладан ҳалок бўлган болалар сонига оид маълумоти ҳам нотўғри эканини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида бир оиладан уч эмас, етти нафар бола ҳалок бўлган.
Украинанинг NV нашри Днипропетровск вилояти Кривий Рих туманидаги Радушное посёлкасида 6 ёшли Эмилия, 11 ёшли Азарий ва 17 ёшли Марк Вороновлар ҳалок бўлгани ҳақида ёзган.
Нашр маълумотларига кўра, ҳужум пайтида уйда ушбу оиланинг яна бир нечта фарзанди — 15 ёшли Доминика, 14 ёшли Виорика, 12 ёшли Захарий ва 10 ёшли Вероника ҳам бўлган. Шунингдек, оиланинг бир ярим ёшли набираси Артём ҳам уйда бўлгани айтилмоқда. Уларнинг барчаси вайроналар остида ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган.
Сибиха 8 август куни Киев вилоятига қилинган зарба оқибатида 3 ёшли бола ҳалок бўлганини ҳам эслаб ўтган.
Сибиха ЮНИСЕФни Россияни қоралашга чақирди
Украина ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи ушбу ҳодисаларни Россиянинг “ҳарбий жиноятлари” деб атаб, ЮНИСЕФни уларни очиқ қоралашга чақирди.
Шунингдек, у Россияни украиналик болалар ўлимига олиб келаётган ҳужумларни тўхтатишга чақирган.
Бундан аввал, 1 август куни Сибиха Украина ҳамкорларига мурожаат қилиб, мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтириш учун қўшимча ёрдам сўраган эди. Унинг таъкидлашича, Украинага қўшимча ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, тутиб қолувчи ракеталар зарур.












