Самарқандда ИИБ ходими билан она ва ўғил ўртасидаги жанжал бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди
Интернет сайтлари ва мессенжер каналларда «Самарқандда ИИБ ходими аёл кишини уриб ҳушидан кетказгани» ҳақидаги хабар тарқалди. Унга кўра, Самарқанд шаҳрининг «Ҳаётобод» маҳалласида яшовчи фуқаро Салим Саидовнинг айтишича, 19 октябрь куни соат 21:30 атрофида Самарқанд вилояти ИИБ ходими Рифат Ҳасанов унинг ўғли — 1998 йилда туғилган Самариддин Саматов ҳамда унинг онаси (С.Саидовнинг рафиқаси) Сурайё Ашуралиевани урган.
«Кўчадаги шовқинни эшитиб ташқарига чиқсам, номаълум эркак ўғлимни ураётган экан. Ўғлимга, «маст экан, индамай уйга кир», деб уни ичкарига олиб кирмоқчи бўлдим. Шу вақтда ўша фуқаро кутилмаганда чап жағимга бир мушт туширди. Кучли зарбдан йиқилиб тушдим. Йиқилганимдан сўнг қанча муддат ҳушимни йўқотганимни эслай олмайман. Ҳушимга келганимда урган эркак воқеа жойидан қочиб кетганини билдим», — деган Сурайё Ашуралиева.
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур воқеа юзасидан KUN.UZ’га маълумот тақдим этди.
Унга кўра, 2018 йилнинг 19 октябрь куни, соат 21:30ларда, Самарқанд вилояти ИИБ ходими Рифат Нурмухаматович Ҳасанов фуқаролик кийимида, хизматдан ташқари вақтда, турмуш ўртоғи Г.Ҳасанова билан яшаш уйига, ўзига тегишли «Ласетти» русумли автомашинасида келган вақтида, унинг автомашинаси тураргоҳида номаълум «Нексия» русумли автомашина турганини кўриб, ушбу автомашинани автотураргоҳдан олдириб, ўзининг автомашинасини қўйиш мақсадида, «Нексия» автомашинасининг қўриқлаш тизимини ишга туширганида, шу ердан ўтаётган, Самарқанд шаҳри, Шота Руставели кўчасидаги хонадонда яшовчи қўшниси Самариддин Саматов келиб, ушбу автомашинага тегинмасликни айтиб, ҳеч бир сабабсиз ходим Р.Ҳасановга қўпол муносабатда бўлиб, ўзаро тортишиб қолган.
Шундан сўнг, ушбу тортишувга Самариддин Саматовнинг 2 нафар номаълум танишлари ва унинг онаси Сурайё Ашуралиева биргалашиб, Р.Ҳасановнинг ўнг кўз соҳасига, чап қўл бармоқлари, бош қисмига ҳамда танасининг бошқа жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Натижада, Р.Ҳасанов 2018 йил 20 октябрь куни Самарқанд вилояти Реабилитация марказига «ўнг қош ва ўнг кўз қовоқлари лати, тери ости гематомаси, чап елка лат ейиши, чап қўл 4-бармоғининг ёпиқ синиши» ташхиси билан ётқизилган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, ўзаро жанжал вақтида ички ишлар органи ходими Р.Ҳасановда мастлик аломатлари мавжуд бўлмаган, у ҳушёр бўлган, ходим томонидан Сурайё Ашуралиевага ҳеч қандай тан жароҳати етказилмагани, аксинча Сурайё Ашуралиева ва унинг ўғли Самариддин Саматов жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида, бир неча идораларга мурожаат қилгани аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддаси 2-қисмида мансабдор шахсларнинг жиноятларига доир ишлар бўйича дастлабки тергов прокуратура органларининг терговчилари томонидан олиб борилиши белгилангани сабабли, ушбу ҳолат бўйича текширувни прокуратура органлари олиб боради.
Бундан ташқари, эълон қилинган хабарда фақатгина Сурайё Ашуралиеванинг сўзлари келтирилган бўлиб, бир томонлама ёндашилган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маъсул ходимлари томонидан хизмат текшируви ҳамда Самарқанд шахар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда, дейилади ИИБ маълумотномасида.