Жаҳон | 16:40 / 19.11.2018
7484
2 дақиқада ўқилади

Майкл Блумберг ўзи ўқиган университетга 1,8 млрд доллар хайрия қилди

Фото: REUTERS

Тадбиркор Майкл Блумберг ўзи таълим олган Жон Хопкинс университетига 1,8 миллиард доллар хайрия қилди.

The New York Times саҳифасида унинг умид билдиришича, бу хайрия Жон Хопкинс университетига иқтидорли талабаларни молиявий имкониятларига қарамасдан ўқишга қабул қилиш имконини бериши керак.

Фото: The New York Times

Блумбергнинг аниқлик киритишича, Америкадаги кўпгина олий таълим муассасалари қабул комиссиялари абитуриент ўқиш учун пул тўлай олишига эътибор қаратади. «Кам таъминланган ёки ўрта даражадаги даромадли оилалар фарзандларига кўп ҳолатларда рад жавоби берилиб, бунда ўринлар юқори даромадли оилалар болаларига сақлаб қолинади», - дейилади унинг мақоласида.

The Wall Street Journal Блумбергнинг хайриясини ўқув муассасалари тарихидаги энг каттаси, деб атади.

Маълумот учун, Жон Хопкинс университети 1876 йилда ташкил этилган Мэриленддаги хусусий университет бўлиб, АҚШдаги биринчи тадқиқот маскани саналади. Нобель мукофоти лауреатига айланган 37 шахс у билан боғланган.

Блумберг 60-йилларда Жон Хопкинс университетида ўқиб, таълимга талабалик кредити ёрдамида пул тўлаган. 80-йилларда у дунёдаги энг етакчи молиявий ахборот агентлигига айланган Bloomberg компаниясини ташкил қилди. 2002-2013 йилларда Блумберг Нью-Йорк мэри лавозимида ишлаган. 

Мавзуга оид