«Корея иши»

Жорий йилнинг май ойида фуқароларни Кореяга ишлаш учун юборишдаги йирик коррупцион схема фош бўлди. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабарига кўра, миграция соҳасидаги уюшган жиноий гуруҳ Кореяга ишга юбориш учун расмий тўловлардан ташқари фуқаролардан 7-12 минг доллардан йиғиб олган. Улар тўплаган маблағ қарийб 90 млн долларга баҳоланяпти.

Кўп ўтмай Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азиз Тоштемиров фирибгарликда гумонланиб халқаро қидирувга берилгани маълум бўлди.

Шундан кейин у агентлик раҳбари Беҳзод Мусаевни нишонга олиб, аввал Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси учун фойдаланилган Koreyа24 Telegram-канали орқали қатор «компрамат»ларни эълон қила бошлади.

Тоштемировнинг иддао қилишича, Мусаев ундан премиум тоифадаги «мармар гўшт», қиммат косметика маҳсулотлари, тиш пасталари ҳамда бренд товарлар юборишни мунтазам равишда талаб қилиб келган. У топшириқ берилгани акс этган ўзаро ёзишмаларни эълон қилди.

Можаронинг яна бир шов-шувли қисми Hyundai Palisade автомобили билан боғлиқ иддаолар бўлди. Тоштемировнинг ёзишича, Мусаев унга Кореядан ичига махсус диван ўрнатилган қимматбаҳо Hyundai Palisade автомобилини сотиб олишни буюради.

Яна битта жиддий айблов Миграция агентлигида амалда ишламаган ходимлар учун ойлик тўлаб келингани билан боғлиқ. Тоштемировга кўра, Беҳзод Мусаев раҳбар бўлиб келгач, Атаханов Наби Агзамович ва Джабаров Бахром Саидахмедович 2024 йилнинг ноябр ойида Миграция агентлигига ҳайдовчи сифатида ишга қабул қилинган.

Ушбу ходимлардан бирига март ойида 44,4 млн сўм, иккинчисига эса 46,5 млн сўм иш ҳақи ҳисоблангани келтирилади. Тоштемиров ушбу маълумотларни ёзганидан кўп ўтмай, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Миграция агентлигида 1 млрд сўмдан ортиқ талон-торожликлар фош этилганини маълум қилди.

«4 млн долларлик» меҳмонхона

Тоштемировнинг яна бир иддаоси Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган Consti меҳмонхонаси билан боғлиқ. Тахминий қиймати «3-4 млн доллар»га баҳоланадиган мазкур меҳмонхонага Беҳзод Мусаевнинг оила аъзолари эгалик қилишига урғу берилганди.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, Consti Hotel оилавий корхонаси 2025 йил 12 февралда рўйхатдан ўтказилган. Устав фонди — 5 млн сўм. Фаолият тури - меҳмонхоналар ва шунга ўхшаш яшаш жойлари.

Корхонанинг таъсисчилари сифатида Каримова Мунисахон Беҳзод қизи (50 фоиз) ва Мусаев Абдулбоситхон Беҳзод ўғли (50 фоиз) келтирилган. Раҳбар сифатида Мусаева Дилдора Фаридоновна кўрсатилган.

Амалдаги қонунчиллика кўра, давлат хизматчисининг хотини, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари йирик мол-мулкларга эгалик қилиши тақиқланмаган.  Аммо бу жараёнда бир нечта қатъий талаблар ва юридик механизмлар ишга тушади. Яъни амалдор лавозимда пайтида оила аъзоларининг номига йирик мулк расмийлаштирилса, харид қилиш учун сарфланган маблағларнинг қонуний манбаси кўрсатилиши керак.

«2000 долларлик» жарима

Сўнгги пайтларда Жанубий Кореянинг ўзида ҳам  Ўзбекистондан E-9 визаси асосида юборилган меҳнат мигрантлари билан тузилган шартномалар катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Миграция агентлигининг ишчилардан ёздириб олган кафолат тилхатида улар иш жойини ўзгартирган тақдирда ҳар ой 2000 доллар жарима тўлашга мажбур қилиниши кўзда тутилганди. Бундай шартномаларни тузиш 2024 йилнинг ноябрь ойидан бошлангани хабар қилинган. Бу хорижлик иш берувчиларда ўзбекистонлик ишчиларга нисбатан салбий фикр уйғотишга қарши чора сифатида изоҳланган.

Кореялик ҳуқуқ фаоллари ҳужжатларни таҳлил қилиб, уларнинг бир томонлама ва ишчини иқтисодий жиҳатдан қул қилиб қўйишга қаратилганига урғу беришди. Жариманинг юқори чегараси белгиланмагани, санкция ишчи Ўзбекистонга қайтиб келгунига қадар ҳар ой ҳисобланишда давом этавериши жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

3 сентябрь куни Беҳзод Мусаев ишдан олингани эълон қилинганидан 1 соат ўтар-ўтмас, Миграция агентлиги E-9 визаси асосида Кореяга вақтинчалик ишлаш учун бораётган фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартноманинг айрим бандларига ўзгартириш киритилганини маълум қилди. Иш жойини ўзгартириш учун агентлик ваколатхонасининг олдиндан розилигини олиш ҳамда ушбу талабга риоя этилмаган ҳолатда жарима қўллашни назарда тутувчи бандлар шартномадан олиб ташланди.

Канада ва АҚШ ваъдаси

Беҳзод Мусаев даврида миграция сиёсатидаги энг эътиборли ва шов-шувли жиҳатлардан яна бири АҚШ ва Канада каби мамлакатларга ўзбекистонлик мигрантларни юборишга оид хабарлар бўлди. Масалан, 2026 йилнинг март ойида Миграция агентлиги ва USA Farm Labor ташкилоти ўртасида келишув имзолангани эълон қилинди. Беҳзод Мусаев Kun.uz’га берган интервьюсида  пилот лойиҳа доирасида квоталар белгиланаётганини ҳам айтганди.

Бундан олдинроқ, бандлик вазири сифатида ишлаган пайтида, Беҳзод Мусаев Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Алам Хемсон билан ўзбекистонликларни Канада меҳнат бозорига жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказганини маълум қилганди.

Қатор музокаралар, келишув ва учрашувлар ҳақида хабарлар тарқатилган бўлса-да, шу пайтгача Миграция агентлигининг ўзбекистонликларни юқорида номи тилга олинган мамлакатларга ишга юборгани маълум эмас.

Мусаевнинг карераси

Беҳзод Мусаев 2010–2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият олиб борган ва очиқланмаган сабабларга кўра ишдан бўшатилган. Кейинчалик бир муддат хорижда яшагани ҳақида маълумотлар бор. Етти йиллик танаффусдан кейин 2018 йилнинг март ойида эски лавозимга қайта тайинланиб, ўша йилнинг май ойидан эса Давлат солиқ қўмитасига раҳбар этиб тайинланади.

Кейинчалик Мусаев 2020 йилнинг май ойидан 2021 йилнинг ноябрь ойигача бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари, 2021 йилнинг ноябридан 2022 йилнинг декабригача эса Соғлиқни сақлаш вазири бўлади.

2022 йил декабрдан 2024 йилнинг сентябригача эса камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири бўлган.

2024 йилнинг сентябрида лавозими бироз пасайтирилиб, ўзи бошқарган вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига раҳбар этиб тайинланади.

Орадан бир ой ўтиб, вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилади ва унинг ўрнида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилиб, Мусаев унда ҳам раҳбарликни сақлаб қолади.

Бошқа ишга ўтказилиши муносабати билан лавозимидан олинган Беҳзод Мусаевнинг хозирча (2026 йил 8 сентябр) қаерга тайинлангани маълум эмас. Манбалар уни «Ватандошлар» жамоат фондига раҳбар бўлгани ҳақида ёзишмоқда. Аммо бу хабар расман тасдиқланмаган.