Жаҳон | 10:20 / 02.12.2018
21141
2 дақиқада ўқилади

G20 саммити якунларига кўра қўшма баёнот қабул қилинди 

Фото: Ricardo Mazalan/AP

Буэнос-Айресда ўтган “Катта йигирматалик” саммити 1 декабрда қўшма баёнотнинг қабул қилиниши билан якунланди. Якуний ҳужжат бўйича зиддиятлар охирги лаҳзагача сақланиб қолди, бирор у аниқ мақсадлар қўйилмаган ҳолда қабул қилинди.

“Йигирматалик” давлатлари халқаро савдо тизими ва Жаҳон савдо ташкилоти такомиллаштирилиши зарурлиги ҳақидаги фикрга келишган. Саммит иштирокчиларининг фикрича, амалдаги тизим “олдига қўйилган вазифаларни бажармаяпти”. Етакчилар бу борадаги ислоҳотларни кейинги саммитда муҳокама қилишга келишиб олишган.  

Шунингдек, ҳужжатда АҚШ ва “йигирматалик”нинг қолган давлатлари ўртасида иқлим бўйича турли фикрлик сақланиб қолди. АҚШ иқлим бўйича Париж келишувидан чиқмоқчилигини тасдиқлаган, қолган давлатлар эса тоза энергетикани ривожлантиришга содиқликларини таъкидлаб ўтишган.

“Йигирматалик” кейинги 3 йил учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режасини маъқуллади. Бундан ташқари, G20 етакчилари интернетни террорчилик мақсадларида қўллашга қарши курашишга чақиришди ва одамларни ўз юртларидан қочишга мажбур қилувчи сабабларни бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлаб ўтишди. 

Муросасиз норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувлар ортида ўтган, Гамбургдаги аввалги саммитдан фарқли, Аргентина пойтахтида ўтган саммит вақтида осойишталик ҳукм сурган. 30 ноябрда Буэнос-Айрес марказида келишилган йўналиш бўйича антиглобалчилар марши ҳеч қандай нохуш воқеаларсиз ўтган. 

Режага кўра, “йигирматалик”нинг кейинги учрашуви 2019 йилнинг 28-29 июнь кунлари Япониянинг Осака шаҳрида ўтади.

Мавзуга оид