Ўзбекистон Республикаси Марказий банки монетар сиёсатнинг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларни ишлаб чиқди. Унда Ўзбекистон макроиқтисодий ривожланиш сценарийларидаги асосий хатарлар ҳам маълум қилинган.

Россия ва асосий ҳамкор давлатларда иқтисодий ҳолат кутилгандан кўра ёмонлашади

Бунда, биринчи навбатда, халқаро пул ўтказмалари ҳажми қисқаради, экспорт тушумлари камаяди. Иккинчи таъсирлар орасида валюта бозорида таклиф камайиши; миллий валюта курсига девальвацион босим вужудга келиши; миллий валютадаги депозитлар камайиши; инфляцион босим кучайиши мавжуд.

Чоралар орасида ҳукумат билан биргаликда ички валюта бозоридаги кескин тебранишларни юмшатиш чоралари кўрилиши; пул-кредит шароитлари янада қатъийлаштирилиши; пул-кредит сиёсати инструментларидан фойдаланиш даврийлиги ва ҳажмларини ошириш орқали банк тизимидаги ликвидлилик миқдори камайтирилиши ва миллий валютадаги депозитлар жозибадорлиги оширилиши бор.

Асосий экспорт товарлари нархлари пасайиши

Биринчи навбатда, экспортдан валюта тушумлари пасаяди, девальвацион босим вужудга келади.

Шунингдек, экспортёр корхоналар молиявий қийинчиликларга дуч келишади; кредитларни қайтариш бўйича хатарлар кучаяди; ички инвестициялар ҳажми камаяди.

Чоралар орасида валюта алмашув курсининг автоматик стабилизатор функциясини бажаришига имкон берилиши; қарорлар қабул қилишда реал эффектив курс динамикасига асосий эътибор қаратилиши; иқтисодиётнинг айрим тармоқларида юзага келган муаммоларни банк тизимига ўтказмаслик учун пруденциал талаблар кучайтирилиши бор.

АҚШ доллар индексининг ошиши

Бирламчи таъсир - асосий савдо ҳамкор давлатлар миллий валюталари курслари қадрини пасайтиради.

Иккиламчи таъсир - халқаро пул ўтказмалари ҳажмини қисқартиради; девальвацион кутилмаларни кучайтиради.

Чоралар орасида коммуникацион каналдан кенг фойдаланилган ҳолда аҳоли ва бизнес вакилларига миллий валюта алмашув курси ўзгаришининг фундаментал факторлари батафсил тушунтириб борилиши; ички валюта бозоридаги кескин тебранишларнинг олди олиниши; миллий валютадаги активлар жозибадорлигини оширишга қаратилган сиёсат юритилиши бор.