Спорт | 08:55 / 21.12.2018
7499
3 дақиқада ўқилади

Сульшер янги лавозимида илк марта интервью берди

Фото: Manchester United F.C

«МЮ»да вақтинча бош мураббий сифатида иш бошлаган Оле-Гуннар Сульшер ўзининг илк интервьюсида жамоа аъзоларининг яна футболдан роҳат олиб ўйнай бошлашларига эришмоқчи эканини таъкидлади. У клуб телевидениеси орқали чиқиш қилган.

«Менга берилган 6 ойлик муҳлатда роҳат олиб ишлаш ниятидаман. Ўз уйимга қайтдим. Клуб бошқа мураббий излашда давом этяпти, мен эса мураббийлар штаби билан ўз билганимдек йўл тутмоқчиман. Биз ўйинчиларнинг футболдан роҳат олиб ўйнашларини истаяпмиз.

Кўп футболчилар билан гаплашиб олдим. Жамоада профессионаллар йиғилган, улар яхши меҳнат қилиш ва ўз устида ишлашни исташмоқда. Улар билан яхшироқ танишиб олишим учун ҳали яна бироз вақт керак.

Олдинда турган ўйинларимиз сони муаммо эмас, чунки таркибимизда маҳоратли футболчилар йиғилган ва бу уларга шу клубнинг аъзоси бўлишга лойиқлигини исботлаш имконияти бўлади.

Натижаларга эътибор бермай иложимиз йўқ, ўйинларда ғалаба қозонишни хоҳлаяпмиз. Футболчиларнинг ана шунга эришишларида ёрдам бериш – менинг вазифам. Биз уларнинг ўзлари қўлидан келадиган даражада футбол ўйнашларини кўрмоқчимиз», – дея айтиб ўтди Сульшер.

45 ёшли мураббий «МЮ» устози сифатида илк ўйинини эртага «Кардифф» майдонида ўтказади.

«Таҳлилчилар «Кардифф»нинг ўйинларини кўриб чиқишди. Ўзим ҳам Премьер-лигани кўриб бораман. Бу ерда асосийси ўзимизнинг ўйинимиз, рақиб эмас. Футболчилар ўзларини қай даражада кўрсата олишларини кузатмоқчимиз. Асосий диққатимиз рақибга эмас, ўзимизга қаратилган.

Ротация бўлади. Имконият барчага берилади», – деб айтиб ўтди Оле-Гуннар Сульшер.

«Кардифф»–«МЮ» учрашуви эртага, Тошкент вақти билан соат 22:30да бошланади. 18-турдан олдин мезбонлар 16, меҳмонлар эса 6-ўринда бормоқда

 

Мавзуга оид