Жаҳон | 13:24 / 23.12.2018
11208
2 дақиқада ўқилади

2018 йилда рекорд сондаги нефть танкерлари темир-терсакка топширилди

Жорий йилда нефть танкерлари эгалари рекорд сонда – 100 та танкерни темир-терсакка жўнатишди. Бу ҳақда Clarkson Research Services Ltd маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg агентлиги хабар берди. 

Танкерларнинг сиғимдорлиги бўйича бу кўрсаткич 1985 йилдан бери максимал ҳисобланади.

Clarkson Research Services дунёдаги энг йирик кемалар маклери Clarkson Plc компаниясининг бир қисми ҳисобланади. 

Жорий йил сентябрга қадар танкерлар операторлари олган даромад охирги 30 йил ичидаги энг пасти бўлгани билан ажралиб турган. Шу сабабли танкерлар эгалари зиён келтираётган кемалардан воз кечишга қарор қилишган.

Бироқ кемалар эгалари АҚШнинг Эронга қарши санкцияларининг иккинчи қисми кучга кириши ҳамда Россия ва Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини ошириши сабабли нефть ташишга талаб кузда кескин кўтарилишини ҳисобга олишмаган.

Clarkson маълумотларига кўра, зарар келтираётган танкерларни сақлаб қолган компаниялар учун юк ташиш ҳақи сентябрдан декабрь ўртасигача 3 мартадан кўпроққа ошган.

Мисол учун, Шимолий денгизда 600 минг баррел нефть ташишга мўлжалланган танкернинг фрахти (ташиш учун ҳақ) 3,5 йиллик максимум қийматгача – 72 минг доллардан кўпроққа қимматлашган. 2 млн баррелгача нефть орта оладиган супертанкерлар эса Яқин Шарқ давлатларидан Хитойгача бўлган йўналишда кунига 58 минг доллар даромад олмоқда. Бу қиймат 2017 йил бошидан энг юқори қиймат ҳисобланади.

Мавзуга оид