Америкалик музокарачилар сўнгги пайтларда Россия ва Украина ўртасидаги ҳудудий келишув доирасида Донецк ва Луганск вилоятлари чегараларини ўзгартириш ғоясини илгари сурмоқда, деб ёзди The Economist ўз манбаларига таяниб.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, бу ўзгаришдан мақсад — Россияга мазкур ҳудудларни тўлиқ қўлга киритганини эълон қилиш имконини бериш, айни пайтда Украинани ўз ерларидан воз кечишга мажбур қилмасликдир.
The Economist манбалари, шунингдек, музокаралар чоғида Россия «ғайриоддий тарзда ён беришга тайёрлик» кўрсатгани ҳақида ҳам сўзлаб берди. Бироқ, уларнинг қайд этишича, бу каби мослашувчанлик Европа хавфсизлигини муҳокама қилиш таклифи билдирилганидан сўнг пайдо бўлган — энди АҚШ Москва бундай музокараларни баҳона қилиб, ҳарбий ҳаракатларни чўзишидан хавфсирамоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп 9 ноябрь куни уруш якунлангач, Украина «бироз бошқача шаклга эга бўлишини» маълум қилди.
Россия аннексия қилинган Қрим, шунингдек, Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятлари — жумладан, ўзи тўлиқ назорат қилмаётган ҳудудлар устидан ҳам ўз назоратининг халқаро даражада тан олинишини талаб қилмоқда. Президент Володимир Зеленский маъмуриятига яқин манбанинг маълум қилишича, бу Украина учун мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. «Бизда ягона позиция мавжуд: Украина ўз ҳудудларини бермайди», — деб таъкидлади у.













