Янги солиқ концепциясининг нафақат иш берувчи, яъни тадбиркорларга, балки ёлланма ишчилар, ходимларнинг даромадида ҳам ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳақида илгари ҳам тўхталиб ўтгандик. Хусусан, «Ойлигимнинг қолгани қани?» сарлавҳали мақолада даромад солиғи ва бошқа ушланмаларни таҳлил қилишга ҳаракат қилгандик. Ўшанда янги концепция гўёки, иш ҳақидаги солиқ юклари камаяётгани иддао қилинган бўлса-да, аслида, ўртача маош олувчи оддий ишловчилар учун солиқ кўпайиб кетаётгани айтилганди.

Аммо «юқорида» ҳам бу ҳақида яна ўйлаб кўрилганига шубҳа йўқ ва ўшанда тилга олинган вариант ҳам сезиларли ўзгартирилди. «Спойлерлар»ни ёқтирмасангиз ҳам, яхши хабар бўлгани учун олдиндан айтаман, ана энди ростдан ҳам ойликларимиздан ушлаб қолинадиган солиқлар камайди ва янги йилда ойлигимиз ўзгармаган тақдирда ҳам, қўлимизга кўпроқ сумма тегадиган бўлди.

Дастлабки вариантда ишчи ходимларнинг иш ҳақидан 25 фоиз ушланма кўзда тутилган бўлса, ўзгарган тизимда бу 24 фоизга туширилди ва унинг ҳам 12 фоизи иш берувчи гарданига юкланди. Бу дегани иш ҳақидан энди фақат 12 фоиз ушланма олиб қолинади, холос. Қолган 12 фоизни ташкилот, корхоналарнинг ўзи тўлаб беради.   

Иш ҳақидан ажратмалар қандай ушлаб қолинар эди?

2019 йилнинг 1 январигача иш ҳақидан даромад солиғи қўйидаги тўрт шкала бўйича ушлаб қолинмоқда.

Агар энг кам иш ҳақи январдан 202 730 сўм бўлишини ҳисобга олсак, эски тизимда қолганида, қуйидагича ушланмалар содир бўлар эди.

202 730 сўмгача қисмидан: (Даромад солиғи – 0 сўм (0 фоиз)) + (Ижтимоий суғуртага ажратмалар – 16 218 сўм (8 фоиз)). Жами: 16 218 сўм.

202 730 сўмдан 1 013 650 сўмгача қисмидан. 810 920 сўмдан: 7.5 (даромад солиғи) + 8 (ижтимоий суғуртага ажратма) = 15.5 фоиз. Жами: 125 693 сўм.

1 013 650 сўмдан 2 027 300 сўмгача қисмидан. 1 013 650 сўмдан: 16.5 (Даромад солиғи) + 8 (ижтимоий суғуртага ажратма) = 24.5 фоиз. Жами: 248 344 сўм.

2 027 300 сўмдан ортиқ қисмидан: 22.5+8= 30.5 фоиз ушланиб қолинган бўларди.