Тожикистон Республикаси, Турсунзода туманида 73 ёшни қаршилаган Неъматжон ҳожи ота 165 нафар миришкорнинг бошини бирлаштириб, катта фермер хўжалиги ташкил этган. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти чегарасидан 15 км узоқликда жойлашган узумзорда ҳамма - Боғдорчилик институти талабалари, узоқ-яқиндан ташриф буюрган сайёҳлар, мамлакат раҳбари Имомали Раҳмон, ҳатто, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам меҳмон бўлган.
Деҳқоннинг айтишича, узумчилик билан шуғулланиб, иш бошлаган деҳқонларнинг келиб чиқиши Фарғона водийсидан бўлиб, уларнинг кўпчилиги советларнинг тоталитар режимидан паноҳ қидириб, шу ерларга келиб қолган.

«Туманда тўрт-беш водийлик оила томорқаларда узум қилишарди. 15-20 сотих томорқа бўларди, кичик ҳосилдан ортгани бозорга чиқарилган. Даромад яхши бўлиб, одамлар томорқада узумчилик билан шуғулланишни бошлаган. Вақт-соати келиб, катта ерлар берилди. Энди хўжаликлар тузиб, ерга ишлов бериш тадбирлари замонавийлашди, техникалар ўзгарди, одамлар ишнинг сирини эгаллай бошлади», - деб гап бошлади Неъматжон ҳожи Усмонов.
Ўзбекистон раҳбари «Ватан» деҳқон хўжалиги раҳбари бўлган бу кишига автомашина туҳфа этганди.

«Captiva'ни сувенир қилиб, уйга олиб қўйганман. Президент Сурхондарёга келса, албатта, бориш ниятим бор. Водийга илгари кам борганмиз, чунки иложи йўқ эди. Йўл очилгандан сўнг, бир марта бордим. Қариндошларни кўрдик. Ота-боболаримни таниган кишилар ўтиб кетган, ёшлар бизни кўрмаган. Баъзилар билан қуда-андачилик қиламиз, шу хонадонларга борилади», - дея яхшиланаётган дўстлик алоқаларини олқишлайди у.
Хўжалик Тожикистондаги Қишлоқ хўжалиги институти билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, мамлакатда Боғдорчилик институти бўлиб, улар билан ҳам ҳамкорлик қилинади. Институт талабалари бу ерга иш ўргангани, тажриба учун келишади.

«Ёш ўқитувчиларни олиб келишади. Ўзим яқиндагина Сўғд вилоятига бориб, 5та туманда фермер-деҳқонларга семинарлар ўтиб бердим», - деб айтган у.
Фермер хўжаликнинг 105 гектар ер майдонига отанинг ўғли Расулжон раҳбарлик қилади.



















