Жаҳон | 11:30 / 08.01.2019
22750
2 дақиқада ўқилади

Швецияда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан суд бошланди. Улар терроризмда айбланмоқда

Фото: PAP/EPA/Claudio Bresciani

Швецияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик олти шахс ва Қирғизистоннинг бир нафар фуқароси Стокгольмдаги суд олдида жавоб беради, улар ИШИД террорчилик гуруҳига пул ўтказишда айбланмоқда.

Шунингдек, Марказий Осиёдан бўлган уч нафар эркак Швеция ҳудудида террорчилик хуружи содир этишга тайёргарлик кўришда айбланмоқда.

Биринчи мажлис 7 январь куни Стокгольм судининг қаттиқ режимдаги камерасида бўлиб ўтди, у ерда айбланувчилар: Ўзбекистон фуқаролари Акрамжон Эргашев, Бахтиёр Умаров, Ғулом Тожиев, Шоҳмад Маҳмудов, Дэвид Идриссон, шунингдек, қирғизистонлик гумондор Отабек Абдуллаев ўқ ўтмайдиган ойна орқа қисмида ўтиришган.

Абдуллаев, Идриссон ва Умаров «одамларни ўлдириш ва бошқа зарар етказиш» мақсадида кимёвий моддалар ҳамда бошқа ускуналар, жумладан, штиклар ва радиоқурилмаларни сотиб олганликда айбланмоқда, дейилади айблов хулосасида.

24 ёшдан 46 ёшгача бўлган барча олти нафар гумонланувчи Швецияда қонуний равишда яшади. Улар барча айбловларни рад этмоқда.

Суд жараёни 11 февралгача давом этади.
 
Тергов маълумотларига кўра, уч гумондор - Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари. Улардан камида бир нафари 2017 йил 7 апрель куни Швеция пойтахти марказий савдо кўчасида одамлар устига юк машинасини ҳайдаб борган шахс, Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов билан алоқада бўлган.

2017 йили 7 апрель куни Швеция пойтахти Стокгольмда юк машинаси йўл четидаги пиёдалар устига катта тезликда келиб, урилган. Дроттнинггатан кўчасида ҳаракатланиб келаётган юк машинаси тахминан 500 метр масофани босиб ўтиши билан Åhlens савдо маркази жойлашган бинога «бостириб кирганди». Ҳодиса жойида 5 киши вафот этди, яна 15 нафар тинч аҳоли вакиллари жароҳат олди.

Оқилов воқеа жойидан қочиб кетган, аммо тез орада қўлга олинган, у судда жиноятни содир этганини тан олган.

Швеция суди 2018 йилнинг июнь ойида Раҳмат Оқиловни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид