9 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортига Швеция ва Полшадан Ўзбекистон фуқароларини олиб келган чартер рейси қўнди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, рейсда ушбу Европа мамлакатларининг миграция қонунчилигини бузган 27 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш ишлари Ўзбекистон, Швеция ва Полшанинг ваколатли идоралари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган.

Тошкент халқаро аэропортида фуқароларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа масъул идоралар вакиллари кутиб олган. Қайтарилган фуқаролар ватанга келишларига кўмаклашгани ва кўрсатилган ёрдам учун мамлакат раҳбарияти ҳамда ваколатли органларга миннатдорлик билдирган.

“Дунё” ААга кўра, мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлар ва мезбон мамлакатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда хориждаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар доирасида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, хорижга чиқаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қабул қилувчи давлатлардаги миграция талаблари билан таништириш ҳамда қонунбузилишларнинг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилаётгани билдирилди.