Швецияда 13 сентябр куни бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий ҳокимият органларига сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинди.
SVT телеканали маълумотига кўра, бюллетенларнинг 94 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг собиқ бош вазир Магдалена Андерссон бошчилигидаги Социал-демократик ишчилар партияси 28,1 фоиз овоз билан биринчи ўринда бормоқда.
Умуман олганда, тўртта сўл мухолифат партияси — социал-демократлар, Сўл партия, «яшиллар» ва Марказ партияси амалдаги бош вазир Улф Кристерссоннинг ўнг блокини жуда кичик фарқ билан ортда қолдирмоқда.
Дастлабки натижаларга кўра, Сўл партия 8,2 фоиз, «яшиллар» 6,1 фоиз, Марказ партияси эса 7,1 фоиз овоз олган.
Ўнг блокда Кристерссоннинг мўътадил консерватив партияси 19,9 фоиз овоз тўплаган. «Швеция демократлари»ни сайловчиларнинг 17,6 фоизи, Христиан-демократларни 6,2 фоизи, Либералларни эса 5,4 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Сайловолди сўровлари дастлаб сўл блокнинг ишончли ғалабасини прогноз қилган эди. Бироқ овоз бериш куни яқинлашгани сари Магдалена Андерссон бошчилигидаги мухолифат билан Кристерссоннинг ўнг блоки ўртасидаги фарқ қисқариб борди.
Социал-демократик партия ўтган бир асрнинг катта қисми давомида Швеция сиёсатининг етакчи кучи бўлиб келган ва ҳозир ҳам мамлакатдаги энг йирик партия ҳисобланади. Сўл блок сайлов кампанияси давомида ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш ва яшаш харажатлари ошиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишни ваъда қилди.
Амалдаги бош вазир Улф Кристерссон эса кампанияда ҳукуматнинг уюшган ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятчиликка қарши кураши ҳамда миграция сиёсатини қатъийлаштиришига асосий урғу берди.
Швецияда овоз бериш ҳуқуқига эга қарийб 8 млн киши бор. Мамлакат аҳолиси 10,6 млн нафарни ташкил этади. Сайловларда иштирок этиш даражаси анъанавий равишда 80 фоиздан юқори бўлади.
Овозларнинг қарийб ярми сайлов кунига қадар муддатидан олдин берилган. Якуний натижалар сиёсий блоклар ўртасидаги фарқ жуда кичик бўлгани сабаб алоҳида аҳамият касб этади.















