Спорт | 11:58 / 09.01.2019
10088
4 дақиқада ўқилади

Темурхўжа Абдухолиқов: «Хориж клубларидан таклифлар бор, аммо «Локомотив» билан ОЧЛда ўзимни кўрсатмоқчиман»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон чемпиони «Локомотив» бугун, 9 январь куни ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун БААнинг Дубай шаҳрига жўнаб кетди. «Темирйўлчилар» шу мамлакатда ўтаётган Осиё Кубогини ёритиш мақсадида йўлга чиққан Kun.uz мухбирлари билан бир рейсда амирликларга учиб кетишди. Парвоз олдидан жамоа ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқовга баъзи саволлар билан юзландик.

Маълумот учун, 27 ёшли ҳужумчи 2018 йил ёзида, Қатарнинг «Ал-Сайлия» клуби билан шартномаси якунланиб эркин агентга айланганидан сўнг «Локо» сафига қайтди. У 2017 йил январида қатарликлар билан 1,5 йиллик шартнома имзолаган эди.

«Жамоага мавсум ўртасида келдим, бу вақтда Чемпионлар лигасидаги иштирокимизни якунлаган, энг асосий мақсад чемпионат ва кубокда муваффақият қозониш эди. Чемпионат анча қийин бўлди, «олтин очколар» туфайли охирги босқичда энг кучли жамоаларга қарши ўйнадик, бу биз учун янгилик эди. Ҳар бир ўйин финалга тенг бўлди», – деди Абдухолиқов.

«Янги форматнинг менга ёққан томони – унда марказий учрашувлар кўп бўлди. Охирги ўнта ўйин анча қизиқ бўлди. Айниқса, «Бунёдкор» билан баҳслар. Бу клубга қарши учта ўйинда майдонга тушдим, ҳар учала учрашув ҳам томошабоп кечди, деб ўйлайман.

Янги формат менга ёқди, лекин «олтин очколар»нинг бўлиши бироз ўйлантириб қўйди; чунки охирроғида кераксиз ўйинлар кўпайиб кетди. Қуйи олтиликда қоладиган клублар билан ўйнаганда ютқазсангиз ҳам, ютсангиз ҳам, фарқсиз эди», – дея фикр билдирди ҳужумчи.

Темурхўжанинг айтишича, ўтган мавсумлар билан солиштирганда мухлисларнинг стадионларга келиши кўпайган ва буни футболчилар ҳам ҳис этишган. «Тўғри, Тошкент шаҳрида эмас, лекин масалан Наманганда, Бухорода... Албатта, вилоятларда айнан «Локомотив»га қарши ўйинларда мухлислар кўп бўлгани табиий ҳол», – дейди Абдухолиқов.

«Мавсум якунлангач, таркибимиз 90 фоизга сақланиб қолди. Бу клубларимиз ичидаги энг кучлиси деб ҳисоблайман. Янги мавсум олдидан, «Биз энг кучли эканимизни исботлашимиз керак», деган шижоат бўлади. Энг асосий мақсад – Чемпионлар лигаси», – деди Темурхўжа.

Абдухолиқов Ўзбекистон терма жамоасининг Эктор Купер бошчилигидаги илк йиғинига жалб этилган бўлса-да, ундан кейингиларига чақирилмади. У термадаги фаолиятидан сўз очилганда, бу ҳақдаги жуда кўплаб саволларга жавоб беравериб чарчаганини яширмади:

«7-8 йилдан буён кутаман, аммо терма жамоада доимий равишда тўп сурган вақтларим деярли бўлмади. Менинг ўз мақсадларим бор; тўғриси, Осиё Кубоги ҳақида деярли ўйламаяпман. Мавсумолди тайёргарликдаги ҳар бир машғулотда жиддий шуғулланмоқчиман.

Чет эл жамоаларига ўтиш вариантлари ҳам йўқ эмас. Корейс ва араб клубларидан молиявий томонлама манфаатли 2-3та вариант бор эди, лекин кўр-кўрона бундай қарорга келишни истамадим. Ўз клубимда, «Локомотив» сафида Осиё Чемпионлар лигасида кўпроқ ўзимни кўрсатмоқчиман», – дейди Темурхўжа Абдухолиқов.

«Локо»нинг Дубайдаги йиғини 23 январга қадар давом этади. Бу вақт ичида учта ўртоқлик учрашуви ўтказилиши режалаштирилган. Илк ўйин 16 январда Москванинг «Спартак» клубига қарши кечади. 18 январь куни жамоа Словакиянинг 7 карра чемпиони «Жилина», 21 январда Даниянинг 10 карра чемпиони «Брондбью» клубларига қарши назорат баҳслари ўтказилади.

Маълумот учун, «Локомотив»нинг 6 футболчиси Осиё Кубоги учун Ўзбекистон терма жамоасига жалб этилган.

Мавзуга оид