38 та компаниядаги давлат улушлари куни кеча ташкил этилган Давлат активларини бошқариш бўйича агентликка берилмоқда. Бу ҳақда президент қарорида айтилган.
Илгари, ушбу тўпламлар турли вазирлик ва идораларга тарқатиб ташланганди. Масалан, «Ўзбектелеком» - Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ банки - Молия вазирлиги, валюта биржаси - Марказий банк, «Ўзагролизинг» - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
Ушбу компанияларнинг учтасида давлат улуши 100%ни ташкил қилади - «Ўзтрейд», «Ўзсаноатэкспорт» ва «Тошшаҳартрансхизмат». Энг кам улуши «Ўзагролизинг»да - 0,9%. Кўпгина компанияларда (22) давлат акцияларнинг 50% ва ундан кўпини назорат қилади.
Ислоҳот доирасида хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган банкларда давлат улуши ўртача 40 фоизни ташкил этади. Масалан, «Агробанк»да 37,9%, «Асака банк»да - 21,6%, «Ипотека-банк» - 22,5%, «Микрокредитбанк» - 34,4% ва ҳоказо. Ҳужжатда келтирилган банклар орасида давлатнинг энг кичик улуши «Алоқа Банк» (6,2%) ҳамда «Турон банк»да (6,5%).
Давлат рақобат қўмитасининг ҳуқуқий вориси бўлган агентлик унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, жумладан, компанияларда давлат улушларини сотиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги президент ва бош вазирга бўйсуниши белгиланганди.












