Адлия вазирлиги банкларда активлар сифатини таснифлаш, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжат 2026 йил 10 сентябрда 3937-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги тартиб банклар, шу жумладан микромолия банклари ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга татбиқ этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, банк активлари сифати «стандарт», «субстандарт», «қониқарсиз», «шубҳали» ва «умидсиз» тоифаларга ажратилади.

Улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун мос равишда 1, 10, 25, 50 ва 100 фоиз миқдорида захира шакллантирилади. Яъни активнинг сифати ёмонлашгани сари банк томонидан ажратилиши лозим бўлган захира ҳажми ҳам ошиб боради.

Активларни таснифлашда объектив мезонлар ҳамда тўлов эҳтимоли пастлигини кўрсатувчи мезонлар қўлланилади. Агар ушбу мезонлар бўйича баҳолаш натижалари бир-биридан фарқ қилса, актив ёмонроқ тоифага киритилади.

Шунингдек, банклар, нобанк кредит ташкилотлари, суғурта ва лизинг ташкилотларига берилган активларни таснифлаш учун алоҳида мезонлар белгиланган.

Реструктуризация қилинган активларнинг сифат тоифасини яхшилаш учун белгиланган талаблар бажарилиши ва активга қараб камида 6 ёки 12 ойлик синов даври ўтиши талаб қилинади.

Банклар активлар бўйича шакллантирилган захираларни камида ҳар ойда бир марта қайта кўриб чиқиши керак бўлади.

2028 йил 1 январдан бошлаб муаммоли активларга «фоизларни ўстирмаслик» мақоми берилади. Бундай активлар бўйича ҳисобланган, аммо амалда олинмаган фоизлар ва бошқа даромадлар балансдан ташқари ҳисобварақларда ҳисобга олинади.

Шу билан бирга, активнинг захира ҳисобидан балансдан ташқари ҳисобвараққа ўтказилиши ёки ҳисобдан чиқарилиши қарз олувчининг қарз мажбурияти бекор қилинганини англатмайди.