Ўзбекистон | 17:20 / 16.01.2019
9244
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг катта қисми сайёҳлар учун хавфсиз жойлар рўйхатига киритилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон сайёҳлар учун хатар даражаси паст бўлган кам сонли мамлакатлар рўйхатига кирди. Бундан International SOS глобал хатар бўйича ташкилот мутахассисларининг Control Risks билан ҳамкорликда тайёрлаган интерактив харитаси дарак бермоқда. Бунга Forbes эътибор қаратди.

Мутахассислар хатарнинг турли жиҳатларини, шу жумладан, тиббий, умумий ва ҳаракатланиш хавфсизлигини кўриб чиқиб, уларни беш баллдан баҳоладилар. Хатар даражасини аниқлаш учун қўлланган мезонлар ҳар бир тоифага қараб ўзгарган ва батафсил изоҳланган.

Тиббий хавфсизликда юқумли касаллик хавфи, тиббий ёрдам, атроф-муҳит, дори воситаларидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди. Умумий хатар террорчилар, исён, ижтимоий норозилик, табиий офатларни ҳисобга олди. Ҳаракатланиш хавфсизлиги, мос равишда, саёҳат пайтида жароҳат олиш хавфини назарда тутади.

Экспертлар Ўзбекистондаги умумий хатарни «паст» сифатида баҳолашди (Фарғона водийси бундан мустасно - у ерда хатар даражаси баланд кўрсатилган). Таққослаш учун, Россия ва Қозоғистоннинг бутун ҳудуди ўртача хатар даражасига эга жой сифатида баҳоланмоқда.

Финляндия, Норвегия, Швейцария, Исландия ва бошқа бир неча мамлакат бу борада энг яхши кўрсаткичларга эга - у ерда хатар катта эмас. Ғарбий Европанинг қолган қисми, шунингдек, АҚШ ва Австралияда ҳам хатар даражаси Ўзбекистоннинг аксарият қисмидаги каби - «паст». Покистон, Чеченистон, Миср ва бошқа мамлакатларда юқори хатар даражаси мавжуд. Хатарнинг экстремал даражаси Сурия, Ироқ, Афғонистон ва Донецкда.

Тиббий хавфсизлик масаласи бўйича - бунда Ўзбекистоннинг барча ҳудуди юқори даражадаги хатарга эга жойлар рўйхатига киритилди. Россия ва Қозоғистонда у тез ривожланаётган ўзгарувчан, Афғонистонда - жуда юқори, Ғарбий Европа, АҚШ ва Австралияда - паст, Шарқий Европада - ўрта даража.

Ҳаракатланиш хавфсизлиги борасида Ўзбекистон паст хатарга эга мамлакатлар рўйхатидан жой олди (АҚШ ва Португалия каби). Қозоғистонда хатар жуда юқори, Россия, Қирғизистон ҳамда Тожикистонда - юқори, Туркманистон ва Шарқий Европада - мўътадил, Ғарбий Европа ва Канадада - жуда паст.

Мавзуга оид