Президент Шавкат Мирзиёев 27 сентябр – Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан Ўзбекистон туризм соҳаси ходимларига табрик йўллади.
Табрикда қайд этилишича, бугунги кунда туризм Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган, минглаб янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган истиқболли тармоққа айланиб бормоқда.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан салкам 6 баробар ошиб, қарийб 12 миллион нафарга етган, туризм хизматлари экспорти 11 карра кўпайиб, 4 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
“Мамлакатимизнинг глобал туризм сиёсатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2027 йил Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили, деб эълон қилингани, БМТ Туризм ташкилоти республикамизни дунёдаги энг тез ўсаётган бешта сайёҳлик йўналишига киритганини таъкидлаш лозим.
Албатта, бундай ютуқлар замирида юртимиздаги минглаб туроператор ва турагентлар, меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ходимлари, гид ва экскурсоводлар, рестораторлар, транспорт ва сервис компаниялари вакиллари, ҳунармандлар, маданият намояндалари, музей ходимлари, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати мужассамдир.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу йўналишларда сидқидилдан хизмат қилаётган барча соҳа ходимларига самимий миннатдорлик билдираман”, дейилади табрикда.
Президент табригида айтилишича, Хивада ўзида тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида “ақлли” музей-мажмуага айлантириш режалаштирилгган.
Самарқандда ноёб экспонатлар жамланган Ипак йўли музейи ташкил этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишлар очилади. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида “Ғилон”, Наманган вилоятининг Поп туманида “Арашан” каби янги мажмуалар ташкил этилади.
Соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ягона миллий туризм платформасини ишга тушириш, сайёҳлик хизматларини битта тизимга интеграция қилиш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади. Гастрономик, экологик, зиёрат, тиббиёт, тоғ ва саргузашт, ишбилармонлик, этно ва қишлоқ туризми каби юқори қўшилган қиймат яратадиган йўналишларни жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилади.

















