Туба Буюкустун ўзбек телеэкранларига қайтмоқда
2019 йил 28 январдан бошлаб турк кино ижодкорлари томонидан суратга олинган “Пул ва гул ишқи” (“Kara para aşk”) телесериали соат 20:50да “Менинг юртим” телеканалида ўзбек тилида намойиш этила бошланади.
My5 миллий сериаллар тизимини сақлаб қолган телеканал ҳисобланади. Саксон қисмдан иборат “Фитна” сериали кўпчилик телетомошабинлар қалбини забт этди, ҳозир эфирда кетаётган Озод Шамснинг “Юраклар жанги” ҳам ўз аудиториясини йиға олди. Баҳорий мавсумда эса 200 қисмлик “Журналист” миллий телесериали ҳам мухлисларга тақдим этилади.
Миллий сериалларни қўллаб-қувватлашни давом эттирган ҳолда телеканал раҳбарияти кўп сонли телетомошабинларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, хориж сериалини ҳам эфирга узатишни режалаштирмоқда.
Аксарият танқидига сабаб бўлаётган ва тарбиявий меъёрларга мос келмайдиган сериаллардан фарқли ўлароқ, “Пул ва гул ишқи”нинг асосий моҳияти инсоний муносабатлар, пок муҳаббат, ҳалол меҳнат, ватанпарварлик, адолат ва садоқат асосига қурилиши кераклиги хулосасини беради. Мана шу жиҳатлар сабаб бўлса керак, бу сериал дунёнинг 30 га яқин давлатларида намойиш этилган.
“Пул ва гул ишқи” драма ва мелодрама жанрида бўлиб, режиссёр Ахмед Катиксиз томонидан суратга олинган. Унда турк киносининг машҳур юлдузлари Туба Буюкустун, Энгин Ойюрак, Небаҳат Чеҳра, Эркан Жан, Сайгин Сосял ва Тумана Туркай каби актёрлар иштирок этган. Ўзбек телетомошабинлар учун Туба Буюкустун номи жуда яхши таниш бўлиб, у “Осиё”, “Арғувонлар остида” ва “Жасур ва гўзал” каби сериаллардаги роллари билан томошабинларнинг қалбини забт эта олган.
Сериал полиция комиссари Ўмернинг одам савдосига қарши операцияси билан бошланади. Ўмер касбига садоқатли ходим сифатида ишга қаттиқ берилганида бу операция сабаб унаштириш маросимини ҳам кечиктиради. Иккинчи қаҳрамонимиз Элиф эса бизнес оламининг нуфузли кишилардан бўлган Аҳмет Денизэрнинг қизи бўлиб, ўзига хос гўзаллиги ва латофати билан ажралиб туради. Эътибор берган бўлсангиз, сериал детектив сериаллардек бошланди бироқ, кутилмаган фожиа Ўмер ва Элиф йўлларини бирлаштиради. Жиноят жойига келган Ўмер машинада қаллиғи ва Аҳмет Денизерни ўлик ҳолда топади. Бу аянчли фожеа Ўмерни жудолик аламидан-да кучли жумбоқли саволлар исканжасига солади. Ўмер ва Элифнинг фавқулодда вазиятдаги танишуви улар ҳаётидаги синовларнинг ибтидоси эди. Агар бу бир кўришда муҳаббат деганлари шу бўлса илк учрашувдаёқ учқун отиб, келажакда оташин ишққа айланиши турган гап эди. Уларнинг иккиси ҳам олийжаноб ва юксак инсоний фазилатлар эгасидир.
Телесериал ижодий гуруҳи томонидан жуда ёрқин ва истеъдодли актёрлар гуруҳи танланган бўлиб, уларнинг ҳар бирини ижроси эсда қоларли, таъсирли ва кишини лол қилар даражада профессионалдир. Ҳашамдор декорациялар, замонавий образлар, қалбга малҳам берувчи мусиқалар, Истанбулнинг гўзал манзаралар ва Омер ва Элиф ўртасидаги ҳиссиётлар шу қадар ишонарли чиққанки, ҳатто бир лаҳзага телевизор томоша қилаётганингизни ҳам унутиб қўясиз. Актриса ҳам бежизга бу роли учун халқаро Эмми мукофотини қўлга киритмаганига яна бир бор амин бўласиз.
Сериални ўзбек тилига овозлаштиришда ўзбек кино санъати ва дубляжининг ёрқин намоёндалари иштироки кўзланган бўлиб, унда сиз Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳожиакбар Комилов, Санжар Саъдуллаев, Ҳошим Арслонов, Дилдора Рустамова ва Дилдора Бекжоноваларнинг санъатидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, юртимизда намойиш этилган турк сериалларидаги Туба Буюкустун образига маҳоратли дубляж устаси Дилдора Рустамова овоз берган. Бу сериалда ҳам Туба ижросидаги Элиф образига Дилдора Рустамова овоз бериши унинг бадиий савиясини янада юксалтиради, дейиш мумкин.
Мавзуга оид
17:15 / 12.11.2020
«Article»: Турк сериаллари ҳақида сиз билмаган фактлар
18:28 / 21.09.2020
Хорижий кинокомпаниялар Ўзбекистон ҳудудида қилган харажатларнинг бир қисми қайтариб берилади
22:41 / 25.08.2020
«Татаристон киноси кунлари»да «Сумбул» фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди
15:50 / 01.04.2020