Ўзбекистон | 17:41 / 22.01.2019
12295
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия компаниялари Ўзбекистонда хусусий мактаблар очишни режалаштирмоқда

Британиянинг Acumen Education компанияси MBU Capital инвестиция компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ҳамёнбоп хусусий мактаблар тармоғини яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 21 январида Acumen Education ҳамда MBU Capital компанияларининг делегация аъзолари мамлакатга таълим тизими ва маҳаллий шароитларни ўрганиш учун ташриф буюрди. Делегацияга MBU Capital компанияси муассиси, ижрочи директори ва инвестиция бўйича бош мутахассиси Иқбол Муҳаммад ҳамда Acumen Education ижрочи директори Марк Лабович раҳбарлик қилмоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров Британия компаниялари делегациясини қабул қилди. Мазкур учрашувда томонлар Ўзбекистонда таълим муассасаларини очиш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Учрашувда Британия компаниялари вакиллари томонидан айни пайтда Ўзбекистонда ҳамёнбоп  хусусий мактаблар тармоғини ва премиум мактабини ҳамда хорижий университет очиш учун сармоя киритиш масалалари кўриб чиқилаётгани ҳақида таъкидладилар.

Тадбир иштирокчилари мамлакатдаги таълим тизими, шунингдек, мактаб таълимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳамда хусусий мактабларни ишга туширишда Британия компаниялари билан ҳамкорлик йўналишлари билан танишдилар.

Отабек Назиров Халқ таълими вазирлиги мазкур лойиҳа бўйича Acumen Education ва MBU Capital компанияларини қўллаб-қувватлаши ҳамда таълимга оид маълумотларни тақдим этишга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Acumen Education Z ва  MBU Capital компаниялари делегацияси ташрифи жорий йилнинг 26 январигача давом этади. Делегация аъзолари иштирокида мамлакатнинг давлат ташкилотлари, шунингдек, молия институтларида учрашув ва музокаралар ўтказади ҳамда улар Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги мактабларга ташриф буюрадилар.

Мавзуга оид