Яқинда Буюк Британия бош вазири лавозимига киришган Энди Бёрнем мамлакат ҳукумати таркибида бир қатор кадрлар ўзгаришини амалга оширди. Тайинловлар қирол Карл III томонидан тасдиқлангани ҳақида Даунинг-стрит матбуот хизмати маълум қилди.

Янги таркибга кўра, молия вазири (ғазначилик канцлери) этиб собиқ мудофаа вазири Жон Хили тайинланди. У июн ойида мудофаа соҳасига ажратилаётган маблағлар етарли эмаслигини танқид қилиб, ўз лавозимини тарк этган эди.

Ташқи ишлар вазири лавозимига Эд Милибэнд тайинланди. У аввалги ҳукуматда энергетика хавфсизлиги ва углерод нейтраллиги бўйича вазир бўлиб ишлаган.

Луиза Хейг вазирлар маҳкамаси ишлари бўйича вазир, биринчи давлат котиби ҳамда Ланкастер герцоглиги канцлери этиб тайинланди. Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуд эса ўз лавозимида қолдирилди.

Лавозимга киришганидан сўнг Энди Бёрнем Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди. Унда Британиянинг Украинага ҳарбий ва сиёсий кўмаги, шунингдек, Россияга нисбатан босим сиёсати қатъий давом эттирилиши таъкидланди.

Икки давлат раҳбари Бёрнем Манчестер мэри бўлиб ишлаган даврда Украина шаҳарларини тиклашга кўмаклашувчи UNBROKEN Cities Network ташаббуси доирасида эришилган натижаларни ҳам муҳокама қилди. Бош вазир Россиянинг сўнгги ҳужумларида ҳалок бўлган украиналиклар яқинларига ҳамдардлик билдирди ҳамда Володимир Зеленскийни имкони бўлиши билан Лондонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Энди Бёрнем АҚШ президенти Доналд Трамп билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида у Трампни футбол бўйича жаҳон чемпионатининг муваффақиятли ўтгани билан табриклади ҳамда Англия терма жамоасининг ўйинига юқори баҳо берди.

Шунингдек, икки давлат раҳбари Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди. Бёрнем Британия Ҳўрмуз бўғозида халқаро кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш тарафдори эканини билдириб, бу жаҳон таъминот занжирлари барқарорлиги ва Британия иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Бош вазир мамлакатда қайта индустриялаштириш дастурларини амалга ошириш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳукуматнинг асосий устувор вазифалари бўлишини ҳам таъкидлади. Суҳбат якунида Бёрнем ва Трамп яқин вақт ичида шахсан учрашишга умид билдиришди.

Энди Бёрнем Буюк Британиянинг сўнгги ўн йил ичидаги олтинчи бош вазири ҳисобланади. У 17 июл куни Лейбористлар партияси етакчиси этиб сайланган ва партиянинг мўътадил сўл қанотининг нуфузли сиёсатчиларидан бири сифатида эътироф этилади. 2001 йилдан буён парламент аъзоси бўлган Бёрнем аввал Тони Блэр ва Гордон Браун ҳукуматларида бир қатор юқори лавозимларда фаолият юритган.