Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мақсад битта, у ҳам бўлса — халқ дардини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва муаммоларини ўз вақтида ҳал этишдир. Бу эса халқ манфаати барча нарсадан устун, деганидир.
Аммо Kun.uz таҳририятига келган мурожаатларни ўрганиш давомида барча ҳудудларда ҳам халқ билан мулоқот етарлича олиб борилмаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Каттақўрғон туманидаги «Жумабой» маҳалласидан истиқомат қилувчи Дилрабо Турсунованинг мурожаатини ўрганар эканмиз, унинг муаммолари туман мутасаддилари эътиборидан четда қолганлигига амин бўлдик.

Дилрабо Турсунова 1991 йил туғилган. 2009 йил турмушга чиққан. Айни вақтда тўрт нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан олис қишлоқдаги абгор уйда яшаб келмоқда. Турмуш ўртоғи ва ўзи ишсиз. Оила бирор даромадга эга эмас. Ажабланарлиси, Дилрабо Турсунованинг ҳанузгача фуқаролик паспорти йўқ. Ҳаттоки, турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўтмаган, шаръий никоҳ асосида яшамоқда.
2010 йил туғилган катта фарзандида туғилганлик гувоҳномаси мавжуд. Аммо қолган фарзандларида туғилганлик гувоҳнома йўқ. Шу туфайли 2011 йилда туғилган иккинчи фарзанди мактабга қабул қилинмаган. Айни вақтда катта фарзанди ҳам оилавий қийинчиликлар туфайли мактабга бормаяпти. Оила шундай муаммолар гирдобига тушиб қолган.

«Амаллаб кун кечиряпмиз. Эрта турмушга чиққанимдан кейин фуқаролик паспорти олишга қурбимиз етмади. Шу вақтгача ҳам имкониятимиз бўлмади. Эрим ҳеч жойда ишламайди. У ёқ-бу ёқда вақтинча ишлаб топиб келгани болаларимизни боқишдан ортмайди», – дейди Дилрабо Турсунова.
Оила айни вақтда бешинчи фарзандни кутмоқда экан. Уларнинг яшаш шароити билан танишдик. Уй хароба аҳволда. Ҳаттоки, электр сими ҳам ўтмаган. Шам ёруғида кун кечиришар экан. Жажжи болалар телевизор кўришдан ҳам маҳрум экан. Ёғингарчилик кунлари ҳаминқадар турган уйнинг томидан чакка ўтар экан.

Ота ҳам, она ҳам соғлом. Нега оила бунчалик оғир аҳволга тушиб қолишди? Ахир, оила бошлиғи бирор ишнинг бошини тутиб, даромад топиб, бу муаммоларни ҳал қилса бўларди-ку?!


















