Naked Science нашрининг ёзишича, оғир юк кўтарувчи дрон 5-рақамли таянч минора тепасидан ҳавога кўтарилиб, диаметри 2,5 миллиметр ва узунлиги 1 700 метр бўлган тросни олиб ўтган. Трос юқори мустаҳкамликка эга Dyneema толасидан тайёрланган.

Дрон кемалар серқатнов бўғозни 10 дақиқада кесиб ўтиб, тросни 4-рақамли таянч минорадаги белгиланган нуқтага етказган. Шу тариқа Цэзи ва Цзинтан ороллари соҳилларидаги икки асосий таянч ўзаро боғланган.

Бу ишлар кўприк қурилиши учун зарур бўлган осма иш йўлакчасини ўрнатишга киришиш имконини беради. Кейинчалик мазкур йўлакча орқали кўприкнинг юқори конструкцияларини монтаж қилиш ишлари олиб борилади.

Асосий оралиқ — 1 488 метр

Сихоумэн кўпригининг асосий қисми вантали ва осма конструкцияларни бирлаштирган усулда қурилади. Асосий оралиқ узунлиги 1 488 метр, кўприк қатнов қисмининг кенглиги эса 68 метр бўлади.

Манбага кўра, қурилиш якунлангач, у денгиз устидан ўтказилган дунёдаги энг кенг кўприк бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, иншоот вантали ва осма тизимлар уйғунлаштирилган кўприклар орасида ҳам рекорд ўрнатиши режалаштирилган.

Лойиҳа темирйўл-автомобил кўприклари орасидаги энг катта асосий оралиқ, энг катта кенглик ва энг баланд асосий таянч миноралар каби кўрсаткичлар бўйича жаҳон рекордларига даъвогар. Қояга маҳкамланадиган анкер тизими ва бурғилаб қуйиладиган қозиқлар асосидаги пойдевор ўлчамлари ҳам рекорд даражада бўлиши кўзда тутилган.

Нега дрон танланган?

Йўналтирувчи трос кейинги тортиш арқонлари ва монтаж элементларини кўприк оралиғидан ўтказиш учун хизмат қилади. Бундай ишларда вертолёт, кема ёки дронлардан фойдаланиш мумкин.

Сихоумэн акваториясида кучли шамол, баланд тўлқинлар ва интенсив кема қатнови қурилишни мураккаблаштиради. Шу сабабли Ningbo-Zhoushan Railway ва China Railway Major Bridge Engineering Group мутахассислари турли усулларни таққослаб, дрондан фойдаланишни танлаган.

Бу усул тайёргарлик ва ҳаводаги ишлар вақтини қисқартириб, халқаро кема қатнови йўлида ҳаракатни чеклаш муддатини камайтириш имконини берган.

Кўприкдан поездлар ва автомобиллар ўтади