Жаҳон | 11:34 / 29.01.2019
9304
2 дақиқада ўқилади

Рангин Париж: «қизил шарфлар» «сариқ жилетлар»га қарши намойишга чиқди

Фото: Benoit Tessier / Reuters

Франция пойтахти Парижда тартибсизлик ўз чўққисига чиқиб турган бир пайтда зўравонликка қарши намойишлар бошланди.

«Сариқ жилетлилар»нинг шанба кунги юриши ортидан якшанба куни «қизил шарфлар» ҳам оёққа турди. Тоифа ўзини «сукутдаги кўпчилик» вакиллари - «жилетлар»нинг бир неча талабларини қўллаб-қувватловчи, бироқ намойишчиларнинг жамиятни парокандаликка олиб келувчи ва аҳоли орасида нифоққа сабаб бўлувчи ҳаракатларига қаршилар деб ҳисоблайди. Якшанба куни кўчаларга айнан шу мазмундаги чақириқлар билан 10,5 мингдан ортиқ киши чиққан.

Макрон томонидаги таниқли вакиллар турли шубҳаларга йўл қўймаслик учун «қизил шарфлар» сафида намойишга чиқмаган. 

«Сариқ жилетлилар»дан чарчаган полицияга мазкур юриш давомида миннатдорчилик билдирилган. Юриш «сариқ жилетлар» билан даҳанаки жанжалларни ҳисобга олмаганда тинч ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Францияда ўтган йилнинг ноябрь ойи охиридан буён «сариқ жилетлилар»нинг тартибсиз намойишлари давом этиб келмоқда. Парижнинг ўзида 4 минг намойишчи қолган бўлса, бутун мамлакатдаги намойишчилар сони ҳафта давомида сезиларли даражада пасайган – бир ҳафта олдин «сариқ жилетлилар» сафида 84 минг намойишчи бирлашган бўлса, ҳозир 69 минг намойишчи қолган.

Эслатиб ўтамиз, намойишлар фонида Франция иқтисодиёти жиддий зарар кўрди. Ҳисоб-китобларга кўра мамлакат иқтисодига етган зарар миллиард евродан ортиқни ташкил қилган.

Мавзуга оид