15:59 / 02.02.2019
15852

Термиз Давлат Университети раҳбарияти талабанинг муаммосини ҳал қилиб берди

Ҳаётда ҳар бир кишининг ўз олдига қўйган мақсади бўлади. Бу мақсад йўлида инсон турли тўсиқларга йўлиқади. Табиийки, бу қийинчиликларни енгиб ўтишда атрофидаги яқинлари, оила аъзолари ва яхши инсонлар кўмагига суянади. Жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаётган, мақсади йўлида курашаётган ана шундай юртдошларимиздан бири Дилноза Назаровадан Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушганди. Сурхондарё вилоятига сафаримиз чоғида у билан учрашдик.

Дилноза Назарова Сурхондарё вилояти, Денов тумани, «Қизил гул» маҳалласида истиқомат қилади. Термиз Давлат университети 2-босқич талабаси. Оилада тўрт нафар фарзанд (уч қиз ва бир ўғил) бўлиб, икки опаси турмушга чиққан, укаси эса коллеж талабаси. Онаси нафақахўр, отаси бетоб. Онаси олаётган нафақа пули тирикчилик ва дори-дармондан ортмайди. 

Дилноза, биринчи босқичдалигида ўқишдан ташқари ишлаб контракт тўловини аранг тўлаган. Бу йил эса тайинли иш ҳам топа олмаган. У дардини эшитадиган, ёрдам қўлини чўзадиган одам топа олмасдан, бизга мурожаат қилишга мажбур бўлганини таъкидлади.  

Шундани сўнг Kun.uz сайтида хайрия акциясини уюштиришни мақсад қилиб, Дилноза Назарова ҳақида сўраш учун Термиз Давлат университетига бордик. Университет рахбарияти мақсадимизни англаб, бу қизга ўзлари ёрдам беришини ваъда қилди.
Улар «Яқин кунлар ичида биз ўзимиз ушбу масалани ҳал қиламиз ва сизларга хабар берамиз. Камчиликларимиз йўқ эмас, аммо яхши ишларимиз ҳам бор. Хайрли ишларда сизлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Оиласида қийналган, унинг шароитини тўғри қабул қилишимиз ва имконият беришимиз керак», - дейишганди. 
Куни кеча Университет ректори Абдуқодир Тошқулов Kun.uz мухбири билан боғланиб, Дилноза Назарованинг контракт пули 100 фоиз тўланганини билдирди.  

Биз ТДУ раҳбарияти, хусусан, ректор Абдуқодир Тошқуловга оғир молиявий аҳволга тушиб қолган талаба ҳамюртимизга ёрдам қўлини чўзганлиги учун миннатдорлик билдириш баробарида Назарова ҳам ўзининг ўқиши билан унга билдирилган ишончни оқлашига умид қилиб қоламиз.

Top