Ўзбекистон Суперлигасида янги мавсум қачондан бошланиши маълум, унда нечта клуб қатнашиши номаълум
Ўзбекистон Суперлигасининг 2019 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими 25 февраль куни бўлиб ўтади. Чемпионат 8 мартдан старт олади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, қуръага қадар ПФЛ комиссияси 19 февралдан бошлаб футбол клубларини якуний текширувдан ўтказади ҳамда ҳафта якунида Суперлигада тўп сурадиган клублар номига ойдинлик киритиб олади.
«Режага кўра, Суперлиганинг 2019 йилги мавсуми мартнинг илк кунидан старт олиши керак эди. Бироқ футбол клублари лицензиялаш талабларини якунлаб улгурмади. Суперлигада клуб сони 10 та қолдирилиши мумкинлиги борасида аввал ҳам хабар берилган бўлса-да, бу ҳолатдан айрим жамоалар тўғри хулоса чиқармаган», – дейилади хабарда.
Белгиланишича, март ойидаги ФИФА кунлари, шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Токио-2020 йўлидаги саралаш учрашувлари туфайли клублар 29 мартдан бошлаб 2-тур учрашувларини ўтказади. Бунга қадар сара футболчилар миллий ва олимпия терма жамоалари ихтиёрида бўлади.
ФИФА кунлари давом этаётган бир вақтда ПФЛ кубоги беллашувлари бўлиб ўтади. Мазкур кубокда ғолиб чиққан жамоага «А» Про-лигаси учун имтиёзли йўлланма тақдим этиш режалаштирилган.
«ПФЛ 2019 йилги мавсум формат қандай бўлишини 12 та клубга мослаб тузиб чиққанди. Аммо юқорида кўрсатилган муддатларга қадар клублар ишларини якунлаб улгуришмаса, улар автоматик равишда битта қуйи лигага туширилади. Жамоанинг халқаро майдонда иштирок этиши ёки совринли ўринлар учун курашиш қудратига эга эканига эмас, лицензиялаш талабларининг бажарилишига биринчи галда эътибор қаратилади», – дея таъкидланган ПФЛ хабарида.
Маълум қилинишича, февраль ойининг сўнгги кунида ПФЛ вакиллари ОФК комиссияси билан учрашиш учун Куала-Лумпурга йўл олади. Бунда лицензиялаш талаблари, улардаги барча жиҳатлар ОФК вакиллари билан муҳокама қилинади.
«Айнан 2019 йилдан бошлаб ЎФА клубларга қўйилаётган талабларни оширган бўлиб, бунда ташкилот Япония танлаб олган йўлдан юришга қарор қилган. Яъни, миллий лицензиялаш талабларига жавоб бера оладиган клублар ОФК Лицензиялаш комиссияси талабларига ҳеч бир қийинчиликсиз мос келиши шарт», – дейилади лига матбуот хизмати маълумотида.
Хабар қилинишича, шу йилнинг 1 май кунига қадар эса барча футбол клубларига 2020 йилги мавсум талаблари акс этган регламент расман тақдим этилади. Клублар йил давомида шунинг устида ишлаши керак бўлади. 31 октябрь куни эса ПФЛ лицензиялаш жараёнини якунлайди.
«Мазкур муддатдан бир кун кеч қолган жамоаларнинг аризаси қабул қилинмайди. Яъни 2020 йил учун қадам ноябрь ойи бошланмай турибоқ қўйилади», – дея огоҳлантирган ПФЛ.
Қайд этилишича, ташкилот ҳозирга қадар эски регламентни тартибга келтирган, футболчи ва мураббийлар учун умумий шартномаларни ишлаб чиққан. Айни вақтда ПФЛ бош лига ҳомийлари, шунингдек, бир қатор суғурта компаниялари, трансляция масалалари юзасидан манфаатли келишувлар бўйича иш олиб бормоқда.
Профессионал футбол лигаси қуръа ва чемпионат старти каби маросимлар санаси очиқланиши бироз кечиккани учун футбол мухлисларидан узр сўраган. Шунингдек, давлат корхоналари бераётган тайёр пулга жамоа тузаётган клуб раҳбарларини ўз ишига масъулият билан ёндошишга чақирган.
Мавзуга оид
04:28 / 11.03.2022
Драганнинг «Пахтакор»и яна ғолиб: «шерлар» Черанга боғланиб қолдими?
16:48 / 20.01.2021
Футболдаги ўзбек иши. Ҳакамлар ким билан келишишган?
22:33 / 29.11.2020
Сергеев – қаҳрамон, Машарипов ҳамон жамоада. «Пахтакор»нинг чемпионлик ўйинидан фотогалерея
21:17 / 20.11.2020