Жамият | 08:03 / 22.02.2019
38684
2 дақиқада ўқилади

ХТВ мактабга пневматик автомат билан келган ўқувчи юзасидан баёнот берди

2019 йил 20 февраль куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси сумкасидан MINI UZI IWI пневматик автомат топилгани ҳақидаги хабар берилганди.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳолат мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан аниқланган ва мактаб маъмурияти мазкур ҳолат бўйича Юнусобод туман ИИБга мурожаат қилган. Қўшимча суриштирув ишларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИБга ўқувчи ва унинг ота-онаси чақиртирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 27 февралдаги 3-сон қарори 2-бандига мувофиқ, пневматик қурол ўқотар қуролга кирмаслиги тўғрисида тушунча берилган ва мамлакатимизда пневматик қуроллар савдосига ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган, дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, вазирлик томонидан мактаб раҳбарларига ота-оналар билан мажлислар ўтказиб, бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун тушунтириш ишларини кучайтириш юзасидан топшириқлар берилган.

“Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни фарзандларига жамоат жойларида, жумладан, мактаб ҳудудига бу каби буюмларни олиб келмаслиги ҳақида тушунтиришлар беришга чақиради”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид