Кеча, 24 февраль куни Осиё Олимпия Кенгаши президенти  Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ бошчилигида нуфузли делегация Тошкентга ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар билан икки кун давомида ўтказилган учрашувларда Ўзбекистоннинг 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун имкониятлари кўриб чиқилди. Kun.uz мухбири мазкур музокаралар якунлари, нуфузли турнир мезбонлигининг қўлга киритилиши эҳтимоли ва мавзуга доир бошқа саволлар билан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга мурожаат қилди.

– Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳнинг юртимизга ташрифи Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари мезбонлиги учун курашдаги катта қадами бўла олдими? Дастлабки музокаралар қандай кечди, кутилган ишлар бўлдими, бу ҳаракатларнинг давоми қандай бўлади?

– Аввало шуни таъкидлаб ўтишни ҳоҳлардимки, давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаларида юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратгандилар. Шунингдек, президентимиз томонидан Ўзбекистон Осиё ўйинларини ўтказа олишга қодир мамлакат эканлиги ҳам алоҳида қайд этиб ўтилганди. Кейинчалик Миллий олимпия қўмитаси бу борада амалий ишларни бошлаб юборди. Энг аввало, имкониятларимизни чамалаб кўриб, Осиё Олимпия Кенгашига 2030 йилги XXI Осиё ўйинлари мезбонлигига ариза йўлладик. Чунки 2022 йилги Осиё ўйинлари Хитойнинг Ҳанчжоу, 2026 йилги ўйинлар эса Япониянинг Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтиши аниқ бўлиб улгурганди. Шу боисдан биз 2030 йилги мусобақани қабул қилиш бўйича Осиё Олимпия Кенгашига ариза йўлладик. Биздан ташқари мазкур нуфузли мусобақа мезбонлиги учун Ҳиндистон, Қатар ва Филиппин мамлакатлари кураш олиб боради.

Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳнинг юртимизга ташрифи анча самарали ўтди, десак муболаға бўлмайди. Осиё Олимпия Кенгаши раҳбари билан бўлиб ўтган учрашув давомида 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистоннинг Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдик. Шунингдек, йирик комплекс мусобақа учун янги спорт иншоотлари ва Олимпия шаҳарчасини қуриш, логистика, қулай транспорт маршрути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш механизми, ўйинлар трансляцияси ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Юртимизга ташрифи давомида шайх Ас-Сабоҳга ҳамроҳлик қилган Халқаро Кураш Ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон билан учрашувда эса миллий спортимиз курашнинг келажагига оид муҳим келишувга эришилди. Хабарингиз бор, 2018 йилги Осиё ўйинларида илк маротаба мусобақа дастуридан ўрин олган кураш бўйича  7та вазн тоифасида (эркаклар 4та, аёллар 3та) беллашувлар ўтказилган. Мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилган 14 спортчидан 12 нафари медалларга сазовор бўлганди.

Бугунги учрашув якунларига кўра, 2022 йилги Осиё ўйинларидан бошлаб кураш бўйича баҳслар 15та вазн тоифасида (эркаклар 7та, аёллар 8та) ташкил этилишига келишиб олинди. Шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий беллашувлар ҳам ўйинлар дастуридан ўрин олади. Шу тариқа, миллий спортимиз нуфузи Осиё ўйинларида янада кўтарилади ва кураш беллашувларида умумий ҳисобда 17та медаллар жамланмаси ўйналади. Буни ўзбек миллий спортининг улкан ютуғи деб биламан.