Ўзбекистон | 12:38 / 27.02.2019
36373
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Кашмирдаги вазият туфайли Ҳиндистонга учаётган самолётини ортга қайтарди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Тошкент-Амритсар йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Boeing 767 русумли самолёти Тошкентга қайтарилди. Бу маълумотни Тошкент аэропортидаги манба Kun.uz мухбирига тасдиқлади.

Режа бўйича соат 12:40да Амритсарга қўниши керак бўлган самолёт Тошкентдаги аэропортга соат 12:35да муваффақиятли қўнишни амалга оширди.

Манбанинг аниқлик киритишича, самолётнинг ортга қайтишига Покистон ва Ҳиндистон ўртасида юзага келган можаро ортидан покистонликлар томонидан мазкур ҳаво йўлаги бўйича парвозларни амалга оширишга тақиқ қўйилгани сабаб бўлди

Бундан ташқари, FlightStats маълумотига кўра, Кашмирдаги можаро туфайли Ўзбекистон ҳаво ҳудудидаги Air India ва Rossiya Airlines компанияларининг иккита самолёти Ҳиндистонга парвозни кечиктиришга мажбур бўлган.

Амритсар - Ҳиндистоннинг Покистон билан чегараларига яқин шаҳри ҳисобланади.

Бироз аввалроқ Покистон армияси ҳиндистонликларнинг икки самолётини Кашмирдаги ҳаво ҳудудига кириб келгани учун уриб туширганини маълум қилганди. Бунга жавобан Ҳиндистон томони ҳам покистонликларнинг битта қирувчи самолётини уриб туширган.

26 февраль куни Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари 14 февраль кунги терактга жавобан Кашмирнинг Покистон қисмидаги «Жайиши Муҳаммад» гуруҳининг йирик машғулот лагерига зарбалар берди. Ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб жангарилар, уларга тегишли транспорт, қурол ва ўқ-дори йўқ қилинганди. Ҳиндистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Вижай Гокхале бу зарба зарур бўлгани, чунки гуруҳ Ҳиндистоннинг турли ҳудудларига худкушлар иштирокида ҳужумлар тайёрлаётганини айтган.

Мавзуга оид