«Муҳим ахборотлар сирлигича қолиб кетмоқда». ЎзМММ раиси давлат ва хўжалик ташкилотларига мурожаат қилди
Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раиси Шавқиддин Ғаниев вазирлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига очиқ мурожаат қилиб, уларнинг айримларини хориж «тажрибасидан самарали фойдаланмаётган»ликда айблади.
Ғаниевнинг таъкидлашича, Европа давлатларида вазирлар ҳар кунлик ишини матбуот марказларда бошлайди: улар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган воқеа-ҳодисалар, танқидий муносабат билдирилган ёки кенг муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг муносабатини билдиради.
«Лекин негадир ҳурматли раҳбарлар, Сиз бу тажрибадан самарали фойдаланмайсизлар», — дея Шавқиддин Ғаниев сўзларини келтиради ЎзА.
Унинг таъкидлашича, айрим ташкилот ва вазирлик раҳбариятининг фаоллигини инобатга олмаса, бошқа раҳбарлар «рўй бераётган улкан ўзгаришлар» ҳамда «амалга оширилаётган туб буришлар ҳақида тўлақонли маълумотлар» бера олмаяпти.
«Натижада кейинги икки йил давомида мамлакатимизнинг барча жабҳасини бирдек қамраб олган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, Давлат дастурларининг бажарилиш жараёнлари ва белгиланган чора-тадбирлар, устувор вазифалар ижроси юзасидан муҳим ахборотлар сирлигича қолиб кетмоқда», — дея таъкидлайди у очиқ мурожаатда.
Ғаниев одамлар, журналистлар, шу жумладан, блогерлар раҳбарлар айтмаган ахборотларни ёт, шубҳали манбалардан излабгина қолмай, топиб ҳам олаётганига эътибор қаратган.
«Шаҳар дарвозасини ёпиш мумкин, лекин информацияни ёпиб бўлмайди. Кундан-кунга шиддат билан ўзгараётган замон узуқ-юлуқ жавоблар билан қаноатланмай қолганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас», — дейди у.
Шавқиддин Ғаниев жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаётган воқеа-ҳодисалар, ОАВда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган масалалар юзасидан кечиктирмасдан, раҳбарлар ўз қатъий ёндашувини маълум қилишига чақирган.
«Журналистларда, шу жумладан, блогерларда туғилаётган саволларга аниқ ва асосли жавобингизни қайтаришингиз керак», — дейди у.