Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманида кичик гидроэлектр станциялари учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди.

Давлат раҳбарининг 2025 йил 28 мартдаги ҳудудларда микрогидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришга доир қарори бу борада муҳим асос бўлди. Унинг ижроси доирасида «Andijon Jinlun yangi energiya» корхонаси ташкил этилмоқда.

Тоғли ва сув ресурсларига бой Марказий Осиё давлатларида бундай ускуналарга талаб юқори. Бироқ шу пайтгача минтақада уларни саноат миқёсида ишлаб чиқарадиган ихтисослашган корхоналар етарли эмас эди. Янги лойиҳа ана шу эҳтиёжни қоплашга қаратилган.

Андижон вилоятидаги мавжуд сув манбалари “яшил” энергетикани ривожлантириш учун катта имконият яратади. Хусусан, Катта Фарғона каналининг барқарор сув оқими микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун қулай ҳисобланади.

Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Корхона 2027 йилда тўлиқ қувват билан ишга туширилади. Шундан сўнг бу ерда йилига 70 миллиард сўмлик 100 та кичик ГЭС мажмуаси, шунингдек, микрогидроэнергетика ускуналари, дастгоҳ ва электр жиҳозлари ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда дунёда экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаларига талаб ортиб бормоқда. Бу жиҳатдан кичик ва микро ГЭСлар самарали ечимлардан бири ҳисобланади. Улар атроф-муҳитга таъсири камлиги, қисқа муддатда барпо этилиши ва барқарор электр энергияси ишлаб чиқариши билан аҳамиятлидир.

photo_2026-09-23_12-41-25

Лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиш, йиллик экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

photo_2026-09-23_12-41-24
photo_2026-09-23_12-41-25 (2)
photo_2026-09-23_12-41-25 (3)
photo_2026-09-23_12-41-25 (4)
photo_2026-09-23_12-41-26