8 январь куни Ўзбекистон прокуратураси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Ўтган вақт давомида ўзбекистонликлар 6 нафар бош прокурор фаолиятига гувоҳ бўлишди. Бугунги кунда ушбу лавозимни эгаллаб турган Ниғматилла Йўлдошевгача ишлаган беш нафар бош прокурорнинг фақат иккиси номига доғ туширмай курсисини тарк эта олган, холос. Булар: Бўритош Мустафоев (1992—1998) ҳамда Усмон Худойқулов (1998—2000).

Улардан кейинги 3 нафар бош прокурор фаолияти давомида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Жумладан, Рашид Қодиров (2000—2015) ва Ихтиёр Абдуллаев (2015—2018 йилларда Бош прокурор, 2018—2019 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати раиси. У ДХХ раҳбарлигидан кетгач қўлга олинганди) ҳозир ҳам қамоқда жазо муддатини ўтаётган бўлса, Отабек Муродов (2018—2019) суд томонидан уй қамоғига ҳукм қилинган.

Ўзбекистон прокуратураси тарихи, мамлакат ҳали расман мустақил бўлмай туриб, прокуратура органлари қай тарзда СССР бош прокуратурасига тобеликдан қутулгани ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилдик. Шунингдек, кўрсатув давомида Ўзбекистон бош прокурорларининг сиёсий портретларини ҳам гавдалантиришга ҳаракат қиламиз. Зеро, бу маълумотларни ҳар бир ўзбекистонлик билиши, прокуратура тизимида фаолият юритаётган шахслар эса аввалгиларнинг хатоларидан тегишли хулоса чиқариши лозим деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистонда президентлик лавозими мамлакат ҳали советлар иттифоқи таркибида бўлган 90-йиллардаёқ жорий этилганди. Ўша кезларда республика прокуратура органларини совет иттифоқи таъсиридан қутқариш учун амалий ҳаракатлар бошланади.

Маҳкама тарихи

1990 йилнинг 1 ноябрь куни қабул қилинган қонун билан ЎзССР Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Ўзбекистон Бош прокурори фақат мамлакат парламенти ва президент олдида ҳисобдор ҳамда жавобгар экани белгилаб қўйилади. Шунингдек, Бош прокурор ҳамда унинг ўринбосарлари илгаригидай СССР Бош прокурори томонидан эмас, балки Ўзбекистон президенти тақдимномасига биноан мамлакат парламенти томонидан тайинланиши жорий этилади. ЎзССР Олий Совети қарори билан 1990 йилнинг 1 ноябрь куни Бўритош Мустафоев ЎзССР прокурори этиб