Адлия вазирлиги фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастур тасдиқланди.

Вазирлик хабарига кўра, эътиборда четда қолаётган жиҳатлар, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчилик ёрдамидан фойдаланишга қарор қилинди.

Шу мақсадда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат беради. Нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз вазифаларини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали тезкор шикоят бериш тизими яратилади, бунда ходимнинг айби аниқланган ҳолатлар кенг ёритиб борилади. Ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтингини шакллантириб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилади.

Шунингдек, вазирлик ўз биносидаги хоналарнинг жойлашиш структурасини ҳам қайта кўриб чиқди. Ходимлар кенг майдонда бир бирини бемалол кузата оладиган даражада жойлаштирилди. Ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимлар қандай иш билан банд бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Деворлар ва эшиклар энди шаффофликни таъминлайди. Бу усул коррупциявий омилларни ҳам олдини олади. Ҳозирда бу тартибдаги хоналардан дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ҳам қўлланилмоқда.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинади. Бунда харажатлар, уларни бажарилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлади.