Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг шароит яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунчалик кучли бўлади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.
Биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда улкан ишлар амалга оширилди. Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳарлар кутубхоналарига 300 минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. Мусиқа ва санъат мактаблари чолғу асбоблари, спорт объектлари жиҳозлар билан таъминланди.
Бу ишлар Наманган вилоятида ҳам давом эттирилиб, “Маърифат карвони” ташкил этилди. Ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу 5та ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Йиғилишда бу тажрибани мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.


















