Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи матнини эълон қилди. Қуйида матн тўлиқ ҳолда келтирилади.

“Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Қадрли меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Шу тароватли кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.

Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

Азим пойтахтимизнинг марказида бунёд этилиб, яқинда фойдаланишга топширилган муҳташам “Ҳумо” кошонасида сиз, азизларни, сизлар орқали кўпмиллатли бутун халқимизни Наврўз байрами билан чин қалбдан табриклашни ўзим учун катта шараф, деб биламан.

Мана шундай файзли, шодиёна айёмда барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва овулларда Наврўз сайлини ўтказаётган барча-барча юртдошларимга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин!

Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин!

Ҳурматли дўстлар!

Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгидан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади.

Бу йилги Наврўз байрами ушбу муаззам саройда ўтаётганида ўзига хос рамзий маъно бор, албатта. Афсонавий Ҳумо қуши – эзгулик ва бахт тимсоли, Наврўз эса баҳор ва бахт айёмидир. Бу икки улуғ тимсол, яъни, Ҳумо ва Наврўз фалсафаси ўзаро уйғун бўлиб, ҳаётимизни янада мазмунли ва мунаввар этгай, иншооллоҳ.

Азиз юртдошлар!

Барчамизга маълумки, Наврўз – янги кун, янги фасл демакдир.

Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда.

Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда.