Иқтисодиёт | 11:34 / 26.03.2019
14126
3 дақиқада ўқилади

Товар хомашё биржасида биринчи марта қимматбаҳо металлар сотила бошланди

Фото: iStock

Ўтган ҳафтада “ЎзРТХБ” АЖда қимматбаҳо металлар бўйича илк битимлар имзоланди. 2019 йил 18-20 март кунлари ўтказилган биржа савдолари давомида умумий қиймати 192,6 млн сўмга тенг 46,5 кг кумуш сотилди.

Ўтказилган савдолар натижаларига кўра кумушнинг ҳафталик биржа котировкаси 1 грамм учун 4 142,56 сўмни ташкил қилди. Биржа савдоларида саноатда ишлатиладиган маҳсулотларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар, заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарувчилар иштирок этдилар. 

Айни вақтда ички биржа бозорда қимматбаҳо металларни сотиш бўйича иккита шартнома очилган. Хусусан, биржа котировкалаш варағига кумуш қуймасининг 500 грамм лотлик Ag-1 маркаси ва олтин қуймасининг 100 грамм лотлик Au-1 маркаси учун шартномалар киритилган. Биржа савдоларига кумушнинг кунлик қўйилиш ҳажми 15,5 минг граммни, олтиннинг кунлик ҳажми – 2,6 минг граммни ташкил қилади. Қимматбаҳо металларни етказиб бериш шарти – “Олмалиқ КМК” АЖ омборларидан EXW (ўзи олиб кетиш) кўринишида.

Қимматбаҳо металларнинг бошланғич нархи Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг сўнгги тонгги фиксингига асосан Ўзбекистон миллий валютасида белгиланади. Харидорлар Ҳисоб-клиринг палатасидаги ўз ҳисоб рақамларига биржа битимининг мўлжалланаётган суммасининг 1 фоизи миқдоридаги закалатни ўз ичига олган авансни киритадилар.

Эслатиб ўтамиз, қимматбаҳо металлар ЎзРТХБ биржа савдоларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 мартдаги №186-сонли “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ биржа савдоларида қимматбаҳо металларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида сотила бошлади.

Савдоларда иштирок этиш учун заргарлик ва бошқа буюмларни ишлаб чиқарувчилар биржага Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги томонидан бериладиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни тақдим этишлари керак. 

Мавзуга оид