Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш тартибига риоя этилиши устидан тизимли назорат олиб борилиб, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида “ECO TEKS CLUSTER” МЧЖ фаолиятида биржа савдоларини амалга ошириш тартиби ўрганилди.
Аниқланишича, 2023 йил 1 октябрдан 2026 йил 31 майга қадар пахта толаси, линт ва пахта ёғи маҳсулотлари биржа савдоларига қўйиш графиклари тасдиқланмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилган.
Жами 38 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилгани, 11 та ҳолатда пахта толаси тўғридан-тўғри сотилиши натижасида биржа котировкаси ва шартнома нархи ўртасидаги фарқ ҳисобига 183,8 млн сўм асоссиз олинган маблағ аниқланган.
Андижон вилоятида “SADAF SOF UNLARI” МЧЖнинг 2025 йил июл–декабр ва 2026 йил январ–апрел ойларида биржа савдолари орқали харид қилинган буғдойни қайта ишлаш ва буғдой унини реализация қилиш фаолияти ўрганилганида, жамият томонидан жами 3 918 тонна буғдой харид қилиниб, ундан 2 646 тонна 75 фоизли буғдой уни ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Биржа савдоларига 2025 йил июл ойида режага нисбатан 258 тонна маҳсулот кам қўйилган. Сентябр ойида 840 тонна, октябр ойида 910 тонна, ноябр ойида 810 тонна маҳсулот биржа савдоларига умуман қўйилмаган. Декабр ойида режага нисбатан 570 тонна маҳсулот кам қўйилган.
Маҳсулотларни белгиланган ҳажм ва муддатларда биржа савдоларига қўйиш, режа-жадвалларга риоя қилиш ҳамда ўзгаришлар ҳақида ваколатли орган ва биржани ўз вақтида хабардор қилиш талаблари бузилган.
Жиззах вилоятида олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар давомида “GROUPTEXTIL” МЧЖ томонидан 2025 йил декабр ойида 2 ҳолатда 1 186 тонна, қарийб 4,1 млрд сўмлик пахта чигити (техник) ва тола маҳсулотларини биржага қўйиш учун режалаштирилган юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот ҳажмининг бир қисмини тасдиқланган муддатлар ва ҳажмларда савдога чиқармаганлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.
Қашқадарё вилоятида “Касби тегирмони” МЧЖ биржага қўйиш учун режалаштирган юқори ликвидли ва (ёки) монопол турдаги маҳсулот ҳажмининг бир қисмини савдога чиқармаганлик ҳолатлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича юқоридаги субъектларга нисбатан ҳудудий органларнинг Махсус комиссиялари томонидан иш қўзғатилиб, асоссиз олинган маблағларни қайтариш ва қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
















