Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 2019 йил 24-26 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларида расмий ташриф билан бўлди.
Давлат раҳбари Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги қўшма баёнот матнини эълон қилди.
Қайд этилишича, раҳбарлар икки қардош мамлакат ўртасидаги стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, улар бўйича аниқ келишувларга эришиш масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашган.
Раҳбарлар:
давлатлараро алоқаларнинг ўсиш суръатини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва сермаҳсул муносабатларнинг жадал ва изчил ривожланиб бориш тенденциясини мамнуният билан эътироф этиб, икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида узоқ муддатли, конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга катта туртки беришига ишонч билдирган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баёнот бердилар:
1. Раҳбарлар икки давлатнинг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион-технологик ҳамкорлигини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар. Шу муносабат билан, раҳбарлар икки томонлама товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, ўзаро экспорт-импорт операциялари, хусусан, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш масалаларида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг фаолиятига янги туртки беришга қарор қилдилар.
2. Раҳбарлар икки мамлакат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро делегациялар алмашинувини фаоллаштириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги технологиялар ва илмий ишланмаларни жорий этишни рағбатлантиришга чақирдилар.
Шу билан бирга, томонлар товар айирбошлаш тузилмасини тўлиқ диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида тегишли давлат органлари ўртасидаги мунтазам мулоқотни қўллаб-қувватладилар.















