DW хабарига кўра, Flydubai расмий вакили 1 октябрга ўтар кечаси парвозлар вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.

«Вақтинчалик тўхтатиш тегишли идораларга ўз ишини давом эттириш ва ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш имконини беради», — деган авиакомпания вакили.

Унинг таъкидлашича, Flydubai Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ва бошқа манфаатдор томонлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Парвозларни қайта тиклаш ҳақидаги қарор қўшимча маълумотлар келиб тушишига қараб қабул қилинади.

Ҳодисадан кейин Исроил транспорт вазири Мири Регев Flydubaiʼнинг мамлакатга барча рейсларини бекор қилишни талаб қилган. Шунингдек, у Фуқаро авиацияси бошқармасини БАА Исроил билан тузилган авиация келишувини бузган-бузмаганини текширишга чақирган.

Мақолада қайд этилишича, мазкур келишувга кўра, Исроилга қўнадиган самолётларни фақат ушбу давлат билан дипломатик муносабатларга эга мамлакатлар паспортини олган учувчилар бошқариши мумкин. Ҳужум қилганликда гумон қилинаётган учувчи эса, ОАВ маълумотларига кўра, Уммон фуқароси. Уммон ва Исроил ўртасида дипломатик муносабатлар йўқ.

Самолётда нима содир бўлган?

Дубайдан Тел-Авивга FZ1073 рейсини амалга ошираётган Boeing 737 MAX 8 самолёти бортни эгаллаб олишга уриниш ҳақида сигнал берилганидан сўнг, маҳаллий вақт билан тахминан соат 09:00 да Саудия Арабистонининг Табук шаҳри аэропортига фавқулодда қўнган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага учувчилар кабинасидаги жанжал сабаб бўлган. Асосий тахминлардан бирига кўра, иккинчи учувчи ҳаво кемаси командирига пичоқ билан ҳужум қилиб, самолёт бошқарувини қўлга олишга уринган.

Олишув пайтида самолёт Саудия Арабистони ҳудуди узра атиги 29 сония ичида 9 410 метр баландликдан 5 105 метргача кескин пасайган.

Бортда 174 киши, жумладан, 27 нафар бола бўлган. Уларнинг аксарияти Исроил фуқаролари экани хабар қилинган.

Айрим йўловчиларнинг айтишича, дастлаб учувчилар кабинасидан бақириқлар эшитилган. Кейин кабина эшиги очилиб, учувчилардан бири яралангани ва кийимлари қонга белангани кўринган.

Жароҳатланган учувчига биринчи ёрдам кўрсатилган. Йўловчилардан бири шифокор бўлган. Экипаж аъзолари ва йўловчилар ҳужум қилган шахсни зарарсизлантиришга муваффақ бўлгани айтилмоқда.