Рухсат бериш тартиб-таомиллари, текширишлар, лицензиялаштириш ва экспорт билан боғлиқ бизнес янгиликлари, шунингдек тиббиёт, туризм, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳалар ҳақида Norma шарҳида сўз юритилган.
Бизнес соҳасидаги рухсатномалар сони камайди
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги яна олтита рухсат бериш тартиб-таомили бекор қилинди:
• экспорт контракти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
• мол сўйишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат гувоҳномаси;
• ер қаъри участкасидан фойдаланишда бузилган ерлар қайта тикланганлиги ҳақида хулоса;
• вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома;
• қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қиладиган тадбиркорлик субъектларининг савдо объектлари жойлашуви;
• ерларнинг барча тоифаларида геологик-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа турдаги қидирув ишларини олиб боришга рухсатнома.
Текширувлар – бизнес-омбудсман орқали
Бош прокуратура энди текширувларни мувофиқлаштирмайди. Ушбу ваколатлар бизнес-омбудсманга ўтди. Унинг қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Савдо-саноат палатаси текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Ер қаъри участкасини ўрганиш учун лицензия икки баравар тез расмийлаштирилади
Норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкасидан геологик ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 кундан (илгари – 20 кундан) ошмаган муддатда берилади. Ушбу соҳадаги лицензияларнинг қолган – қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи турлари – илгаригидек 20 кунлик муддатда расмийлаштирилади.
ҚҚС тезроқ қайтарилади
Солиқ тўловчига ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммаси тезроқ қайтарилади. Энди ҳужжатларнинг тўлиқ пакети тақдим этилган кундан бошлаб бунинг учун 7 иш куни ажратилади (илгари – 15 иш куни). Бундан буён солиқ органларида мавжуд маълумотларни, шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича таққослаш далолатномаси, ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш керак эмас.
















