Бир неча соат давом этган шовқин-сурон ҳар қандай соғлом одамни чарчатиб қўйиши ҳеч гапмас. Қарши шаҳрида эса бир неча йилдан бери худди шундай муҳитда яшаётганлар бор экан.

Қарши шаҳрининг «Нахшаб» маҳалласи, Жарариқ кўчасида жойлашган учта ҳовлининг шундоққина тепасида икки йилдан буён қурилиш ишлари давом этяпти. Бу ерда яшовчилар ҳалигача кўчирилмагани сабабли қурилишлардан азият чекмоқда. Кўчадаги 5-хонадонда яшовчи фуқаро Д.Юсупов ана шу муаммо юзасидан Kun.uz таҳририятига мурожаат қилди.

Ушбу манзилда бўлганимизда ҳудуддаги бошқа яшовчилар ҳам айнан мана шу муаммо уларнинг ҳам оромини бузишидан шикоят қилди.

— Қурилишлар шундоққина уйимиздан беш қадам нарида олиб бориляпти, — дейди шу кўчадаги 3-уйда яшовчи фуқаролардан бири. — Уйларимиз ҳам бузилиш (снос)га тушган, аммо бизга ҳанузгача тегишли маблағни беришгани йўқ. Маблағ ҳал бўлмагани ҳолда қурилишлар ҳам давом этиб келяпти. Муттасил, кечаси-ю кундузи шовқин-суронда ўтиришга дош бериш қийин экан, турмуш ўртоғим қон босими касаллигини орттириб олди. Айни вақтда ҳам даволанишда.

Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари ушбу мазкур ҳудудга келиб аҳолига учради. Ҳокимлик фуқароларга уй учун ер беришга тайёр. Аммо бунинг учун юқоридаги хонадонлар эгалари уйларни тегишли идоралар орқали нархлатиши, қурилиш корхонаси билан келишувга эришиши лозим. Уйлар-ку бугунгача икки марта нархланган. Аммо пулдан дарак йўқ. Қурилиш эса бемалол давом этмоқда.

Хўш, муаммо нимада ўзи? Нима учун, аҳоли дарвозаси ёнгинасида кечаю кундуз давом этаётган улкан қурилишлар остида яшаши керак? «Снос» нега амалга ошмади? Бу ҳақда мазкур қурилишларни олиб бораётган «Норбўта савдо» хусусий корхонаси раҳбари Дилмурод Муҳаммадиев изоҳ берди.

Унинг маълум қилишича, бу кўчадаги кўп қаватли уйлар қурилиши бўйича лойиҳанинг қиймати 58 миллиард сўмлик бўлиб, маблағнинг 70 фоизи ТИФ «Миллий банки», қолган қисми тадбиркор ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган. Бугунги кунда эса қурилиш ишлари ярмига етган бўлиб, сарфланган маблағнинг 70 фоизи тадбиркор ҳиссасига тўғри келади. Янаям аниқроғи, шу кунга қадар тадбиркор лойиҳага ўз ҳисобидан 24 миллиард сўм сарфлаган бўлса, банкдан 7 миллиард сўм маблағ олган.

Хуллас, тадбиркор мана шу кўчадаги уйлар кўчирилмаётганини банкдан тегишли маблағни тўлиқ ололмаётгани билан изоҳламоқда.

Айнан шу сабаб билан бир нечта уй-жой эгалари шовқин-суронли қурилиш остида кун кечиряпти. ТИФ «Миллий банки» Қашқадарё вилоят филиалида бўлдик. Банкнинг масъул ходими Мурод Ибодов мазкур қурилиш корхонасининг илгари олган маблағларини аллақачон қайтариш вақти келгани, энди яна маблағ бериш банк манфаатларига тўғри келмаслигини билдирмоқда.