Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 278-сонли қарори асосида ташкил этилиб, унда минтақамизда жойлашган Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида фаолият олиб бораётган барча олий таълим муассасалари ва олий таълим муассасаларининг филиаллари ҳамда уларнинг академик лицейларининг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги академик лицейларнинг ҳамда Республикамизда тожик тили ва адабиёти йўналишида фаолият олиб бораётган педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади.

Мазкур минтақавий марказда таълим олаётган тўртта вилоят олий таълим муассасаларидаги  педагог кадрларга бериладиган сабоқ, бугунги кундаги салоҳияти ва имкониятлари қай даражада?

Минтақавий марказга бугунги кунда дарс машғулотларини олиб бориш учун жалб этилган мутахассисларнинг илмий-педагогик салоҳияти 96% ни ташкил этади. 2018 йил бўйича юқоридаги олий таълим муассасаларининг 216 нафар педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режаси белгилаб қўйилган эди. Йиллик режа режага мувофиқ тўлиқ бажарилди. 

Минтақавий марказда ҳозирги замонавий талабларга жавоб берадиган 20 га яқин умумтаълим фанлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилган. Курсларда ўқув машғулотлари муаммоли маъруза, семинар-тренинг, давра суҳбати, тажриба алмашиш, мунозара, кичик гуруҳларда ишлаш асосида ташкил этилиб, хорижлик ўз соҳасининг билимдон мутахассисларини жалб этган ҳолда интерфаол методлардан фойдаланиб минтақадаги етук олимлар томонидан олиб борилмоқда.

Ўз навбатида марказда ташкил этилган педагогик амалиётлар Самарқанд давлат университетининг 17 та энг нуфузли кафедраларида белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Бундан ташқари Самарқанд шаҳридаги илмий тадқиқот муассасалари ҳамкорлигида, халқаро тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси Археологик тадқиқотлар институти, Имом Бухорий халқаро тадқиқот маркази, “Афросиёб” минтақавий тадқиқот маркази, Астрономия ўқув-илмий маркази ва бошқа инновацион таълим технологияларини амалда қўллаб келаётган бир нечта ишлаб чиқариш корхоналарида белгиланган тартибда амалиётларни (жами 15та) амалга ошириш йўлга қўйилган.