Ўзбекистон | 16:07 / 30.03.2022
20614
1 дақиқада ўқилади

СамДУ талабаси ўзини ётоқхона биносидан ташлаб, ҳалок бўлди

Самарқанд давлат университети иккинчи босқичида таҳсил олаётган талаба қиз олийгоҳ ётоқхонасининг 9-қаватидан ўзини ташлаб, ҳалок бўлган. Қиз ётоқхонанинг 6-қаватида яшаган.

Фото: KUN.UZ

Ҳолат 29 март куни тунги соат 02:00 ларда Спитамен шоҳкўчасидаги талабалар ётоқхонасида содир бўлган. Талаба университетнинг кечки таълим йўналишида таҳсил олгани айтилмоқда.

Университетнинг ёшлар масалалари бўйича проректори Шаҳзода Негматова талаба қизнинг хулқ-атвори, ўқишга бўлган муносабати ҳақида маълумот берар экан, унинг ҳеч ким билан зиддиятга бормагани, бироқ ўзи журъатсизроқ бўлганини айтган.

Ҳалок бўлган талаба қиз Паст Дарғом туманидан бўлиб, ётоқхонанинг 6-қаватида яшаб келган ва ўзини 9-қаватдан ташлаган.

Самарқанд вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, талаба оғир тан жароҳати олиши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Мавзуга оид